Ўзбекистон | 17:40 / 25.07.2019
16132
3 дақиқада ўқилади

Чет тили ўқитувчилари устама учун имтиҳонни 6 ой кутишига ҳожат қолмайди - ДТМ 

Фото: KUN.UZ

Айни пайтда тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган ёки айрим сабабларга кўра иштирок эта олмаган ўқитувчилар  такрорий имтиҳонни 6 ой кутишига тўғри келмоқда. Бу вақт ичида эса уларнинг базавий ойлик маошларига қўшиладиган 15-30 фоиз миқдордаги устама пулини олиш имконияти йўқолмоқда. 

Ўқитувчиларга тезроқ тест топшириғини бажаришлари ва устама пулини олиш имкониятини бериш мақсадида Давлат тест маркази чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси Британия Кенгаши билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамаси топшириғига биноан,  APTIS for teachers тест тизимини ишлаб чиқмоқда. 

«Режага кўра, APTIS for teachers тести учун биринчи имтиҳон жорий йил сентябрида ёки октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда», дея маълумот берди Давлат тест маркази чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Сардор Ражабов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

APTIS for teachers тест имтиҳони пуллик бўлиши кутилмоқда. Лекин ҳозирча  аниқ тўлов нархи ҳақида бир тўхтамга келинмаган. 

Сардор Ражабовнинг таъкидлашича, айрим ўқитувчилар имтиҳонга киришни 6 ой кутиб, устама пулини йўқотгандан кўра, олдинроқ тўлов асосида бўлса-да, тест топширишни хоҳлайди. Мавжуд тест имтиҳонларининг амал қилиш муддати 3 йил бўлиб, иккинчи марта тест топширганда энг кам иш ҳақининг 20 фоизини тўлаш талаб этилади. 

APTIS for teachers тест сертификати  эса 2 йил муддатда амал қилиши режалаштирилмоқда. Фақат бу имтиҳон ҳар ойда бир марта ўтказилиши ва натижалар Британия Кенгаши ўқитувчилари томонидан текширилиб, 3 кунда эълон қилиниши кутилмоқда.

Давлат тест маркази чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармасининг маълумотларига кўра, чет тили ўқитувчиларининг билим даражаси яхшиланиб бормоқда. Масалан, илк бора тест синовлари ташкил этилган 2013 йилдан ҳозирги кунга қадар 50 385 нафар чет тили ўқитувчилари синовларда иштирок этган бўлса,  ижобий кўрсаткични қайд қилиб маълумотномага эга бўлганлар 14.3 фоизни ташкил қилади. 

Агар 2013 йилда 14 376 нафар ўқитувчининг 4.8 фоизи тестдан ўтганлик тўғрисидаги маълумотномани қўлга киритган бўлса, бу кўрсаткич ҳозирги кунга қадар анча ошди. 2019 йил 2 772 нафар ўқитувчининг 31.6 фоизи белгиланган тартибда ҳамма талабларни бажариб, базавий ойлик маошларига қўшиладиган устама учун маълумотномани қўлга киритгани бунинг далилидир.

Мавзуга оид