19:23 / 25.07.2019
4733

Google Chrome дўконини шубҳали кенгайтмалардан тозалайди

Американинг Google компанияси фаол фойдаланувчилар ҳақида ортиқча маълумот тўплайдиган кенгайтмаларни Chrome Web Store таркибидан ўчиради. The Next Web нашрининг ёзишича, барча шубҳали иловалар дўкондан олиб ташланади. 

Ҳозирча, Google барча ишлаб чиқарувчиларга махфийлик сиёсатини ўзгартиришни таклиф этмоқда. Улар 2019 йил 15 октябргача ўз сиёсатини янги талабларга мослаштиришлари лозим. Шундан сўнг, номақбул иловалар дўкондан ўчирилади. 

Янги махфийлик сиёсати компаниянинг Project Strobe номли режасига мувофиқ ўзгартирилмоқда. У Google фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиши керак. Қайд этилишича, мазкур режа Google+ ёпиқ хизматининг заиф томонларини аниқлашда муҳим ўрин тутган. Google+ ёпиқ хизматининг 500 мингдан ортиқ фойдаланувчисининг шахсий маълумотлари оммага ошкор бўлган эди. 

18 июль куни The Washington Post журналисти Жоффри Фаулер кенгайтмалар туфайли шахсий маълумотлар тарқалганига доир ўз суриштирувлари натижасини эълон қилган эди. У, шунингдек, қатор шубҳали иловалар хусусида ҳам маълумот берганди. Жумладан, Hover Zoom, SpeakIt!, SuperZoom, SaveFrom.net Helper, FairShare Unlock ва PanelMeasurement каби Chrome кенгайтмалари шубҳали иловалар эканини қайд этилган.

Top