Жаҳон | 12:40 / 25.07.2019
6827
2 дақиқада ўқилади

Таиланд бош вазири ҳукумат дастурини қоғоздан ўқиб беришга мажбур бўлди

Фото: BBC

Мухолифат депутатлари Таиланд бош вазири генерал Прают Чан-Очани ўз ҳукумати дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда уни қоғоздан, сўзма-сўз ўқишга мажбурлашди.

Таиланднинг янги ҳукумати тўрт йиллик ваколат муддати учун ўз дастурини парламент муҳокамасига тақдим этган йиғилиш пайшанба куни эрталаб бошланди. Thai PBS давлат телеканали тадбирни жонли эфирда кўрсатмоқда.

Бош вазир Чан-Оча трибунага кўтарилиб одатий тарзда, 2014 йилдан 2019 йилгача ўзи бошқарган ҳарбий ҳукумат ҳукмронлиги даврида барча миллий телеканалларда намойиш этилган нутқлари каби сўзлай бошлаган. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари дастур мазмунини олдиндан депутатлар ва сенаторларга тарқатилган матнга кўра эмас, балки ўз сўзлари билан, кўплаб тушунтириш мисоллари ва мавзудан чекинишлар билан баён қилди. Таиланд парламенти қуйи палатасида деярли ярим таркибни ташкил этувчи мухолиф депутатлар дастурни баён этишнинг бундай услубига қарши чиқишди.

Мухолиф депутатлардан бири норозилик нутқида бош вазирга «ҳарбий қисм қўмондонлиги мажлисида бошлиқларнинг буйруқларини тушунтиришда яхши» бўлган бундай нутқ услубидан воз кечиш ҳамда матнни аввал тарқатилган ҳужжат бўйича ўқишни бошлашни тавсия қилиб, акс ҳолда ушбу ҳужжат бўйича мунозаралар «парламентда хаос келтириб чиқариши мумкинлиги»ни билдирди.

Парламент қуйи палатаси спикери ва Таиланд парламенти раҳбари, собиқ бош вазир Чуан Ликпхай мухолифат фикрига қўшилди ҳамда янги вазирлар маҳкамаси раҳбарига ҳужжатни қоғоздан ўқишни давом эттириш таклифи билан чиқди.

Мавзуга оид