Ўзбекистон | 11:32 / 26.07.2019
3776
2 дақиқада ўқилади

Истанбул технопарки Ўзбекистонда учувчисиз технологиялар бўйича қўшма лабораториялар ташкил этмоқчи

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Истанбул шаҳрида инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев ва Истанбул технопарки бош директори Билол Топчу ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда.

Меморандумда инновацияларни амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқотларни ҳамкорликда олиб бориш, икки давлат олимлари, тадқиқотчилари ва муҳандисларининг энг долзарб илмий масалаларни биргаликда ечишлари учун шарт-шароитлар яратиш, хусусан семинарлар, конференциялар ташкиллаштиришга келишилди. Илмий-технологик парклар ва инкубаторларнинг фаолиятини режалаштириш, ривожлантириш ва бошқариш бўйича тажриба алмашиш, технопарклар резидентларининг халқаро бозорга чиқишларини таъминлаш,технопаркларни малакали кадрлар билан таъминлаш ҳам икки ташкилот ҳамкорлиги доирасига киритилди.

Томонлар корхоналараро ҳамкорликни йўлга қўйиб, икки томонлама манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишдилар.

Истанбул технопарки нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда Қатар, Россия, Хитой, Англия, Швейцария, Германия, Малайзия каби мамлакатларнинг компаниялар билан ҳамкорликда турли соҳаларда лойиҳалар ошириб келмоқда. Технопарк қошида инкуьбаторлар ва технологиялар трансфери идоралари ҳам жойлашган бўлиб, уларнинг барини Туркия ҳукумати қўллаб-қувватлаб келмоқда. Технопарк 950 кв. м. майдонга эга 10 та бинодан иборат бўлиб, у ерда юқори технологияларга асосланган тадбиркорлик билан шуғулланувчи 1500 та ширкат фаолият юритади. Айни кунларда технопарк доирасида тахминан 300 та лойиҳа, 5000 та стартап амалга оширилмоқда, бундан ташқари 44 та савдо белгиларига стандартлар ишлаб чиқарилиб, рўйхатдан ўтказилган.

Имзоланган меморандум доирасида Истанбул технопарки юртимизда сейсмик тадқиқотлар ўтказиш, учувчисиз технологиялар, дрон ва термокамера тизимларини яратиш бўйича қўшма лабораториялар, кластерлар, инкубаторлар ташкил этиш, олимлар учун ҳамкорликда тренинг ва стажировкалар ўтказиш назарда тутилган.

Мавзуга оид