Иқтисодиёт | 18:49 / 10.09.2025
3822
2 дақиқада ўқилади

Президент банкларга рақамли хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида 1 мингта стартапни қўллаб-қувватлаш, «Open banking» тизимини жорий қилиш, молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиши айтилган эди. Тақдимотда мутасаддилар шу борадаги режалар ва таклифлар юзасидан ахборот берди.

Стратегияни пухта ишлаб чиқиш учун, аввало, меъёрий-ҳуқуқий база, молиявий технологияларнинг ҳозирги ҳолати, инфратузилма ва кадрлар масаласи таҳлил қилинмоқда. Сингапурлик экспертлар жалб этилиб, халқаро тажриба ўрганилмоқда. Шу асосда бу соҳадаги миллий тамойиллар шакллантирилади, институционал архитектура ва идоралараро ҳамкорлик тартиби белгиланади. Якуний мақсад барқарор, инклюзив ва рақобатбардош молиявий хизматлар экотизимини яратишдир.

Бугунги кунда молия бозорини сунъий интеллект ва блокчейн технологияларисиз ривожлантириб бўлмайди. Таҳлилларга кўра, булар орқали банклар даромадини 20 фоизга, молиявий хизматлар ҳажмини 30 фоизга ошириб, хавфларни 15 фоизга камайтириш мумкин.

Давлат раҳбари банкларнинг технологик имкониятларини кенгайтириб, рақамли хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди.

Соҳада муваффақият мезонларини аниқлаш ва бошқариш мақсадида Марказий банкда Финтех офиси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди. Стартаплар акселерацияси, янги ғоялар ва инвестицияларга шароит яратиш учун инновацион хаб ташкил қилиниши маъқулланди. Таъкидланишича, бу чора-тадбирлар келгусида Ўзбекистоннинг минтақавий финтех марказига айланишига хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид