Жаҳон | 08:32 / 29.07.2019
6231
2 дақиқада ўқилади

Британия бош вазири «кескин» Brexit рекламасига 100 млн фунт сарфлайди

Фото: Getty Images

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ЕИ таркибидан келишувсиз чиқишга тайёргарлик доирасида реклама кампаниясини бошлайди. Бунинг учун келаси 3 ойда 100 млн фунт стерлинг сарфланади, деб ёзмоқда The Guardian нашри ҳукуматдаги манбаларига асосланган ҳолда. 

Газетанинг ёзишича, Британия ғазначилиги канцлери Сажид Жавид келаси ҳафтада ЕИ билан келишувсиз Brexit жараёнига тайёргарлик кўриш учун қўшимча 1 млрд фунт стерлинг харажат қилиш рўйхатини эълон қилади. Унинг 1/10 қисми реклама кампаниясига, шу жумладан ҳар бир хонадонга ахборот варақаси тарқатишга сарф этилади. 

The Guardian нашрига кўра, мазкур кампания 1980-йилларда British Gas давлат компанияси акцияларини харид қилишни тарғиб қилган машҳур «Tell Sid» кампаниясидан ҳам қамрови кенг бўлади. 

Мақола муаллифларининг таъкидлашича, Brexit учун харажатлар ҳақида маълумотлар шу ҳафтада АҚШ билан бошланадиган савдо келишуви бўйича музокаралар аввалида пайдо бўлган. Буюк Британия савдо вазири Элизабет Трасс бу масалада АҚШнинг Буюк Британиядаги элчиси Вуди Жонсон билан учрашади, август ойида америкалик ҳамкасби билан музокаралар ўтказиш мақсадида Вашингтонга боради.

Жонсон Буюк Британия бош вазири вазифасига киришаётган вақтда қилган нутқида, қандай бўлмасин мамлакатни 31 октябргача ЕИ таркибидан чиқаришини айтган эди. 

Мавзуга оид