Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Конимехдаги бино-иншоотлари бузилаётган тадбиркорлар ва ҳокимлик ўртасидаги низо авж олмоқда
Айни вақтда Конимех туманида тадбиркорларнинг дўконлари ва фуқароларнинг уйлари туманда «Обод марказ» дастури амалга оширилиши туфайли бузилмоқда. Тадбиркорлар вилоят ва туман ҳокимликларидан компенсация пули талаб қилмоқда.
Бу ҳақида тадбиркорларнинг мурожаати асосида Kun.uz сайтида жорий йилнинг 17 июль куни «Конимех марказида объектлар бузилмоқда. Вилоят ҳокими тадбиркорларга зарарни тўлашдан бош тортмоқда» сарлавҳаси билан мақола эълон қилинган эди.
Биз билан суҳбатда тадбиркорлар туман марказидаги бозор, унинг атрофидаги дўконлари Навоий вилояти ва Конимех тумани ҳокимлари буйруқлари билан бузилаётгани, ҳуқуқлари очиқчасига поймол қилинаётгани, компенсация пули берилмаётганидан шикоят қилишган.
Айрим тадбиркорларнинг таъкидлашича, туман ҳокимияти вакиллари кўрсатмаси билан бир йил аввал тадбиркорлар миллионлаб пул сарфлаб, дўконларини замонавий кўринишда таъмирлаган. Аммо энди уларнинг дўконлари ҳам бузилмоқда. Етказилган зарарни қоплаш ҳақида раҳбарлар тинглашни ҳам исташмаяпти. Тадбиркорлар бу бузилишлар ҳақида умуман огоҳлантирилмаган.
Шундан кейин Конимех тумани ҳокими имзоси билан таҳририятга ушбу масала юзасидан маълумотнома тақдим этилган эди. Ушбу маълумотнома асосида Kun.uz сайтида жорий йилнинг 24 июль куни «Навоийда бошқача «қонунлар» амалдами ёхуд Конимех ҳокими нимани хаспўшламоқчи?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Унда ҳокимликнинг масалага тезкор билдирган муносабати таҳририят томонидан таҳлил қилиниб, конимехлик тадбиркорларнинг Конституция ва қонунлар билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари қўпол равишда поймол қилинаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топаётгани таъкидланганди.
Маълум бўлишича, айни вақтда Конимех тумани ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасидаги низо кескинлашмоқда. Ҳуқуқлари поймол бўлаётган бир гуруҳ тадбиркорлар муаммолари ҳал бўлмаётгани учун 28 июль куни туман ҳокимлигига боришган.
Тадбиркорлар томонидан таҳририятга тақдим этилган видеолавҳалардан кўриниб турибдики, ҳокимлик томонидан ўзларига нисабатан қилинаётган ноҳақликлардан тадбиркорлар безиб қолган. Ҳокимлик масъуллари масалани ижобий ҳал қилмаяпти. Бу эса низо янада авж олишига сабаб бўлмоқда.
Навоий вилояти ҳокимлиги эса бу масалада сукут сақлашни маъқул кўрмоқда.
Умид қиламизки, Конимехдаги ушбу вазиятга вилоят раҳбарлари жиддий эътибор қаратиб, мулкдорларнинг ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кўришади.
Бардошбек САМАД ўғли,
kun.uz мухбири
Мавзуга оид
07:24 / 09.12.2021
Навоийда юз берган ЙТҲда 4 киши вафот этди
08:48 / 10.11.2020
Навоийда 11та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
08:17 / 02.09.2020
Навоийда 10 яшар бола ЙТҲ қурбони бўлди
09:00 / 26.06.2020