Жамият | 20:00 / 29.07.2019
63773
3 дақиқада ўқилади

«Ухлаб қолган абитуриентлар». Андижонда ОТМга кириш имтиҳонларининг биринчи куни

Бугун, 29 июль куни тонг саҳардан Андижон шаҳрининг икки манзили – олимпия захиралари мактаб-интернати спорт мажмуаси ҳамда Андижон давлат университети ҳорижий тиллар факультети залида, 16 кун давом этиши кўзда тутилаётган масъулиятли тадбир -  олий таълим муассасаларига  кириш имтиҳонлари бошланди.

Ҳар икки таълим муассасасида тест синовлари икки сменада ташкил этилган бўлиб, мактаб-интернат спорт мажмуасида бир сменада 1800 нафардан кунига 3600 нафар абитуриент, АДУнинг хорижий тиллар факультети спорт залида эса ҳар бир сменада 600 нафар, икки сменада жами 1200 нафар абитуриент учун жой ҳозирланган.

Имтиҳон ўтказилиши кўзда тутилган ҳар икки муассасада абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун шарт-шароитлар тўкис яратилганига гувоҳ бўлдик. Кун иссиқ бўлгани ҳисобига бирга келганларга салқин жой ва «Сувоқова» ташкилоти томонидан бепул ичимлик суви тарқатиш ташкил этилибди.

Тест синовларнинг биринчи кунида 4672 нафар абитуриент имтиҳонларда иштирок этди. Қатнашмаганлар сони 128 нафар. Улардан 68 нафари тест синовларига келмаган, 60 нафари имтиҳонлар ўтказилаётган объектга киритилмаган. 10 нафар абитуриент эса тест залидан четлатилди.

Эрталабки сменада имтиҳонлар бошланиб бўлганидан кейин, кеч келган абитуриентларнинг қилиқлари кишини ҳайрон қолдиради. Икки имтиҳон олинаётган жойдан олинган маълумотларга кўра жами 37 нафар талаба бўлишни орзу қилган ёш «ухлаб қолган». Улар орасида имтиҳон бошланганидан бир соат сўнг келганлари ҳам бўлди.

Ўз ҳаёти давомида камдан-кам содир бўладиган масъулиятли имтиҳонга кеч қолиб келган абитуриентларнинг ички ишлар ходимлари ва масъуллар билан тортишгани ва бақир-чақир қилгани ҳам ҳайрон қолдирди. Маълумки, эрталабки тест синовлари соат 8:00да бошланади. Ҳар бир абитуриент бу ҳақда кўп бора огоҳлантирилган.

Умуман олганда, Андижонда биринчи кунги имтиҳонлар жуда тартибли тарзда ўтди.

Тест синовлари 13 августгача давом этади. Абитуриентларга омад тилаймиз.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид