Жамият | 20:30 / 29.07.2019
27474
6 дақиқада ўқилади

Хоразмда уйи бузилганларга компенсация тўлаб берилди, энди хотиржамликка берилса бўладими?

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг Ашхобод кўчасида яшаган ва ерлари давлат эҳтиёжи учун қайтариб олинган аҳолининг деярли барчасига компенсация пуллари 100 фоиз тўланди.

26 июлдан 27 июлга ўтар кечаси Урганч шаҳридан Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган, аммо 1-2 ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳоли норозилик билдириб, Урганч – Хонқа йўлини тўсиб қўйди. Аҳоли ва ҳокимлик ўртасида юзага келган можаро ҳақида «Хоразмда уйи бузилган одамлар норози бўлишди – вилоят ҳокими 10 августгача муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

27 июль куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Хоразм вилоятига борди, аҳоли билан учрашиб, суҳбатлашди, шу куни одамларга компенсация пуллари тарқатилди.

29 июль куни Чондирқиёт қишлоғи ҳудудида палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган аҳоли янги уй-жойларини қуриш ҳаракатини бошлаб юборишди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ҳудуд 4та қисмга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида мини-штаб – қароргоҳ ташкил қилинди. Унда ҳокимлик мулозимлари, қурувчи ташкилот раҳбарлари аҳолининг мурожаатларини ўрганиш, кундалик муаммоларни шу жойнинг ўзида ҳал қилиш, бундан ташқари, қурилиш ишларини мувофиқлаштириш, назоратга олиш билан шуғулланиши белгиланган.

394та хонадон эгалари қўлида жуда катта миқдордаги пул маблағлари (70 миллиард сўмдан ортиқ) тўплангани боис, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан махсус пост ташкил қилинди.

Ҳудудга қурилиш ишларида фойдаланиладиган махсус техникалар, экскаватор, бульдозер ва бошқа транспорт воситалари олиб келинмоқда. Цемент, тош ва ёғоч материаллари билан арзонлаштирилган нархларда савдо қилувчи кичик бозорча ташкил қилиниши мўлжалланмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи бозорча фаолият юритмоқда.

Ҳудудга электр тармоқлари корхонаси ходимлари, ишчилари келиб, аҳолини электр энергияси тармоғига улаш, монтаж қилиш ишларини бошлаб юборишган. Бу ишлар одамларнинг ўзбошимчалик билан ва қўлбола усулда электр тармоқларига уланишининг олдини олиш, ҳаёти ва мулки хавф остида қолишига йўл қўймаслик мақсадида қилинмоқда.

Хонадон эгалари компенсация пулларини тўлиқ олишган, албатта бу қувонарли ҳол. Бироқ, бу билан Чондирқиётда яшаётган аҳолининг муаммолари тўлиқ бартараф қилинди дейиш қийин. Галдаги вазифалар яна анча иш ташкил қилиниши, кўплаб одамларнинг ғайрат солиб ишлашини тақозо этмоқда. Ҳали хотиржамликка берилишга шошилмаслик керак.

Айни пайтда одамлар ваъда қилинганидек, компенсация пулидан аввалдан ушлаб қолинган 10-15 фоиз миқдоридаги маблағлар ҳам берилишини кутишмоқда. Бундан ташқари, қўшимча ерга муҳтож оилаларга ваъда қилинган ер майдонини бериш, уларнинг ҳужжатини тайёрлаш, расмийлаштириш ишларини ҳам пайсалга солмаслик керак бўлади. Қайд этиш жоизки, Ашхобод кўчасидаги уй-жойлар бузилганида, хориж сафарида бўлиб, келишув шартномасини имзолай олмасдан қолган одамлар ҳам бўлди. Улар ҳам аста-секин қайтиб келишмоқда. Уларнинг ҳам муаммоси ҳал қилиниши, ер ажратилиб, компенсация пули берилиши шарт.

Долзарб масалалардан бири – ҳудуддаги қурилиш ишлари зудлик билан бошлаб юборилишидир. Ҳаш-паш дегунча совуқ кунлар келиб қолади. Одамларни уй-жойларини тезроқ тиклаб, унинг ичига кўчиб ўтишларига ундаш, шошилтириш керак. Панжанинг бешта бармоғи бир хил эмас. Кўпчилик аҳоли умрида уй қуриб кўрмаган, бу борада умуман тажрибаси йўқ, баъзиларининг ҳатто уй чизмаси йўқ, баъзилари ишни нимадан бошлашни билмасдан ҳайрон аҳволда қолган. Баъзилар умрида бунчалик катта пулни қўлида ушлаб кўрмаган. Одамлар орасида қариялар, ногиронлар ва заифлар бор, турмуш ўртоғи, ака-укалари, фарзандлари хорижда ишлаб юрганлар бор. Ҳали уларнинг кўпчилиги қайтиб келмаган. Уларга ётиғи билан йўл-йўриқни тушунтириш, қурилиш ишларини қандай бошлаш ҳақида сабоқ, маслаҳат бериш, ҳолидан хабар олиб туриш, маънавий томондан қўллаб-қувватлаш, ёлғизлатиб қўймаслик зарур. 

Вилоят ҳокимлиги томонидан аҳолини усталар ва ишчи кучи билан таъминлаш ваъда қилинган эди. Бу мақсадда «Қишлоққурилишинвест» имкониятларидан фойдаланиш режалаштирилган. Уста ва ишчиларнинг хизмат ҳақи ҳам арзон бўлиши айтилмоқда. Акс ҳолда ишчи кучига бўлган талаб жуда катта, вақт эса тиғизлиги боис усталар ва ишчи кучи етишмай қолиши, нархлар кўтарилиб кетиши, натижада, одамлар қийналиб қолиши, совуқ кунлар келгунча уй-жойларини тиклаб олишга улгурмаслиги мумкин.

Яна бир муҳим масала – қурилиш материаллари нархидир. Талаб ортиши натижасида нархлар сунъий равишда кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Вилоят ҳокимлиги томонидан аҳолига цемент ва шағал тош бозордагига нисбатан 10 фоиз арзонлаштирилган нархда етказилиши, қум эса бепул берилиши ваъда қилинган эди. Бу жараён ҳам максимал даражада шаффоф бўлишини таъминлаш зарур. Одамларнинг талаби юқори эканидан келиб чиқиб, сифатсиз ва яроқсиз қурилиш материалларини ўтказиш ҳолатларига, одамларнинг алданишига, кимлардир бунинг орқасидан фойдаланиб қолишига йўл қўймаслик, бундай салбий ҳолатларнинг олди олиниши шарт.

Айни пайтда Чондирқиёт қишлоғи ҳудудида жуда кенг кўламдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари бошланмоқда. Одамлар уй-жойи учун белгиланган компенсация пулини олишди, ижтимоий тажанглик анча-мунча пасайди. Одамларнинг ишончи, умиди ва иштиёқи яна уйғонди. Галдаги муҳим вазифа – мана шу ишонч ва умидни сўндирмасликдир.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид