Ўзбекистон | 10:34 / 30.07.2019
9776
2 дақиқада ўқилади

2018 йил одам савдоси жинояти учун жавобгарликка тортилган шахсларнинг 25 нафари жиноий тўдалар етакчилари бўлган

Фото: KUN.UZ

2019 йил 30 июль куни Тошкент шаҳрида “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар” тўпламининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти доирасида Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланган брифинг бўлиб ўтмоқда.

Kun.uz мухбирининг тадбирдан маълум қилишича, 2018 йил одам савдосига қарши курашиш йўналишида 123 та жиноий иш қўзғатилган. 2017 йилда бу кўрсаткич 305 тани ташкил этган. Яъни, одам савдосига қарши курашиш йўналишида қўзғатилган жиноий ишлар сони бир йилда 60 фоиз камайган.

Қайд этилишича, бу борада жиноий жавобгарликка тортилган шахслар сони ҳам камаймоқда. Жумладан, 2017 йили 405 нафар шахс одам савдоси билан боғлиқ жинояти учун жавобгарликка тортилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 201 нафарни ташкил этган.

2018 йили одам савдоси билан боғлиқ жинояти учун жавобгарликка тортилган 201 нафар шахснинг 25 нафари – жиноий тўдалар етакчилари, 105 нафари – ёлловчи кимсалар, 46 нафари – ташувчи, 20 нафари – иштирокчи ва яна 5 нафари молиявий қўллаб-қувватловчилардан иборат бўлган.

2018 йилда 249 нафар киши одам савдосига доир жиноятлар қурбони сифатида эътироф этилган. 2017 йилда бу кўрсаткич 501 кишини ташкил этганди. Яъни, бу кўрсаткич бир йилда икки баробар пасайган.

Ўтган даврда Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация маркази томонидан одам савдоси жабрдийдаларининг 3 минг нафардан ортиғига ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ва бошқа хил ёрдамлар кўрсатилган. Биргина 2018 йил давомида ушбу Марказда одам савдоси бўйича 195 нафар жабрланувчининг реабилитацияси ўтказилган.

Мавзуга оид