Ўзбекистон | 17:10 / 30.07.2019
16849
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: 25 нафар мансабдор шахс одам савдосига қарши курашишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган

Бугун, 30 июль куни Тошкент шаҳрида «Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар» тўпламининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти доирасида Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Тадбирнинг кириш қисмида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов (модератор), Сенат раиси Танзила Норбоева, ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори элчи Жон Макгрегор, ЕҲХТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Татьяна Котляренко нутқ сўзлади.

Тадбирнинг иккинчи қисмида соҳадаги республика бўйлаб ҳолат ҳақида тушунтириш бериб ўтилди. Хусусан, Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев масаланинг жиддий эканлигига урғу берди.

«Энди бу ҳолатни бир оддий жиноят сифатида кўриш эмас, унинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини атрофлича ўрганишимиз талаб этилади. Биз бундай ишларни каллага келиб қолгандек эмас, комплекс тарзда ёндашишимиз керак.

Одам савдосига қарши курашиш борасида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 25 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгараликка тортилди. Булар 6 нафар ҳоким, 1 нафар ҳоким ўринбосари, 3 нафар соғлиқни сақлаш ходими, 4 нафар ХТБ раҳбари ва ўринбосарлари, 1 нафар МТМ мудири, 6 нафар мактаб директори ва бошқалар.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун консуллик хизматларида жавобгарлик ҳисси ошяпти. Авваллари уряпсанми, сўкяпсанми иши йўқ эди.

Масала жиддийлиги сабаб, одам савдосига қарши курашиш бўйича норматив акт лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, унда Миллий комиссия ташкил этилиши ҳақида ҳам таклиф мавжуд», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид