SilkJet компанияси хорижий инвестициялар ва жаҳон тажрибасига эга авиация мутахассисларини жалб этган ҳолда Ўзбекистондаги биринчи лоукостерни очишга тайёр. Унинг асосчиси Алишер Анназаров Kun.uz’га берган интервьюсида янги авиаташувчининг пайдо бўлиши бозордаги вазиятни қандай ўзгартириши, бундан нафақат йўловчилар, балки «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва давлат ютиши мумкинлиги ҳақида сўз юритди.

— Маҳаллий лоукостер пайдо бўлиши МАК учун хавфли деган фикрга қўшиласизми?

— Ҳукуматда биз парвозларни бошлаганимизда МАК рақобатга дош беролмайди деган хавотир бўлиши мумкин. Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, бозорда лоукостер-авиакомпаниялар (Lowcoster carriers, LCC) пайдо бўлиши тўлиқ сервис авиакомпанияларининг (Full Service) ташув ва молиявий кўрсаткичлари ўсишига олиб келади. Вақт ўтиши билан LCC ва Full Service бизнес-модель тушунчалари бирикиши юзага келди, Европа ва Шимолий Америкада эса Full Service ташувчисидан LCC ташувчисини фарқлаб олишнинг имкони йўқ. Бу бозорларда аксарият авиакомпаниялар аллақачон гибрид ҳисобланади (тўлиқ сервис ва лоукостер унсурлари аралашгани) ва юк, емак, жой танлаш, қўниш устуворлиги учун тўлов олади. Натижада бу икки модель ўртасида унчалик катта фарқ қолмаган. Буюк Британияда British Airways RYANAIR ва easyJet каби гигант лоукостерлар билан ёнма-ён фаолият кўрсатмоқда, Вьетнамда Vietnam Airlines VietJet ва JetStar лоукостерлари пайдо бўлганидан сўнг муваффақиятли ривожланмоқда. Бундай мисоллар етарлича топилади.

Биз парвозларни бошлаганимизда, бу МАК фойдасига бўлади. Воқелик шундай, маҳаллий лоукостер томонидан рақобат бўлиши Ўзбекистонда МАК учун хориж авиакомпаниялари билан рақобатга тайёрланиш учун энг яхши нарса. Мослашиш ва ўзгариш зарурати МАК персоналининг барча даражаларига тааллуқли бўлади. Яқинда эълон қилинган гибрид бизнес-моделига ўтиш – бу тўғри йўналишдаги қадам ҳисобланади. Кўплаб давлатлар буни бошдан кечирган ва Ўзбекистон ҳам бундан муваффақиятли ўтишига ишончим комил. Бизда авиакомпаниялар қанча кўп бўлса, рақобат ва ташувлар ҳажми шунча юқори бўлади. Мос равишда, аҳолининг авиацион ҳаракатчанлиги ва сервис даражаси ошади, чипталар нархи эса пасаяди.

Орзулар қанотида