Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходимлари Аъзам Мадаминов ва Ҳусаин Ражапов чакана савдо соҳасида фаолият юритувчи савдо тармоқларига нисбатан антимонопол чекловларни жорий қилиш масаласида таҳлилий мақола эълон қилди. Вазирлик сайтида жойлаштирилган мақолада мазкур соҳада қулай савдо ва рақобат муҳитини яратиш мақсадида, савдо тармоқларига маҳсулот етказиб берувчиларга нисбатан камситувчи ва ноқулай шароитлар юзага келишини олдини олишга ёрдам берадиган антимонопол қоидаларни белгилаш таклиф этилмоқда. Қуйида мақола матни тўлиқ ҳолда келтирилади.

Ҳозирги вақтда озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш бозорида савдо тармоқларининг таъсири кучайиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқларидан бирининг савдо объектлари сони бор йўғи 2 йил ичида деярли 3 баробарга кўпайган. Aлбатта, бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, аксинча, ҳар бир янги савдо объекти бу янги иш ўринлари дегани.

Шу билан бирга, йирик савдо тармоқларининг фаолияти билан боғлиқ баъзи муаммолар мавжуд. Савдо тармоқлари ўзининг катта ҳажмда товарлар сотиб олиш имконияти туфайли чакана савдо бозоридаги рақобат муҳитига таъсир кўрсатиш имконига эга. Савдо тармоғининг пайдо бўлиши, одатда, шу ҳудуддаги кичик савдо объектларига жиддий таъсир қилади, кўпинча кичик савдо объектлари аввало ўз маҳсулот нархини пасайтиришга, кейинчалик эса йирик савдо тармоқлари билан рақобатга дош бермай ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлишади. Натижада, товар етказиб берувчиларнинг маҳсулотларини сотиб олувчилар доираси торайиб боради, бу эса ўз навбатида етказиб берувчиларни савдо тармоқларига “қарам” қилиб қўяди, савдо тармоғи етказиб берувчилар (ишлаб чиқарувчилар) билан шартномавий муносабатларда «юқори мавқега» эга бўлади. Бу эса савдо тармоғига етказиб берувчиларга нисбатан камситувчи ва ноқулай шартнома шартларини қўйиш имконини беради.

Камситувчи шартларга мисол қилиб бир турдаги маҳсулотни етказиб берувчилар учун савдо тармоғи томонидан турли хил етказиб бериш шартларини ўрнатилиши, шартнома шартларини айнан бир хилда бузганлик учун турли хил жавобгарлик белгиланиши ва бошқа шунга ўхшаш шартларни кўрсатиш мумкин.

Ноқулай шартнома шартларига эса бошқа савдо тармоқлари билан товарларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тақиқлаш, етказиб берувчидан бошқа савдо объектлари билан тузилган шартномалар тўғрисида маълумотни талаб қилиш, товарлар ва маҳсулот нархини етказиб берувчига (ишлаб чиқарувчига) зарар етказадиган даражада арзонлаштиришни талаб қилиш, сотилмай қолган ва яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни етказиб берувчига қайтариб бериш, тўловларни асоссиз кечиктириш каби шартларни киритиш мумкин.