Жамият | 12:57 / 31.07.2019
25169
2 дақиқада ўқилади

ТИВ Қозоғистонда ўлдирилган Ўзбекистон фуқароси бўйича расмий маълумот берди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси 2019 йил 27 июль куни Олмаота вилояти Уйғур туманида содир бўлган жанжалда Ўзбекистон фуқароси М.К. ўлдирилгани тўғрисида қатор ОАВлар тарқатган хабарни тасдиқлади.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, марҳумнинг жасади қариндошлари ҳамроҳлигида ватанга жўнатилган.

Мазкур жиноят содир қилишда гумонланиб Ўзбекистон фуқароси У.С. қўлга олинган ва ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш очилган.

Бош консулхона вазиятни назоратда ушлаб турибди, дейилади маълумотда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳамда Қозоғистоннинг Олмаота ва Чимкент шаҳарлари, Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган: +7-727-291-11-78.

Бундан олдин, Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани, у ўз ватандошини ўлдирганликда гумонланаётгани хабар берилганди.

Мавзуга оид