Ўзбекистон | 20:49 / 02.08.2019
11942
3 дақиқада ўқилади

6 ой ичида «снос» бўйича 2090та суд иши кўриб чиқилган

Ўзбекистон Республикаси Олий судида «Одил судловни амалга оширишда судлар фаолиятининг 2019 йил биринчи ярим йиллик якунлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосарлари қатнашди ва журналистларга маълумотлар беришди. Хусусан, Холмўмин Ёдгоров суд тизимидаги ўзгаришлар, чора кўрилган судьялар ҳақида маълумот бериб ўтди.

«Судьяларга нисбатан ҳам жиноий ишлар очилган ҳолатлар мавжуд. Бундай ишлардан 4таси кўриб чиқилган, улардан биттаси Олий суд судьясига оид иш. Судьяга нисбатан жиноий иш қўзғатиш Олий суд пленумида муҳокама қилинади. 11 нафар судья муддатидан олдин лавозимидан озод этилган. Уларнинг 4 нафари ўз аризаси билан, қолганлари судьялик қасамёдини бузган дея баҳоланиб ваколати тугатилган. Жиноят ишлари бўйича ишларда 16та хусусий ажрим, шундан 6та интизомий иш қўзғатилган. Фуқаролик суди судьяларига эса 36та хусусий ажрим чиқарилган ва 15та интизомий чора кўрилган. Маъмурий судларда бу ҳолат 5та хусусий ажрим бўлиб, 2та интизомий чора қўлланган. Иқтисодий суд судьяларига хусусий ажримлар чиқарилмаган. Судьянинг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб ёзилган шикоятларга асосан жами 83та интизомий иш қўзғатилган. 36таси огоҳлантириш билан тугаган, жиноят ишларида 10 нафар судьяга ҳайфсан берилган, 3 нафар судья жарима тўлаган бўлса, фуқаролик судларида 18 нафар судья ҳайфсан олган, 2 нафар судья жарима тўлаган. Маъмурий судларда эса 8 нафар судья ҳайфсан олган, 1 нафар судья жарима тўлаган. Иқтисодий судларда бундай кўрсаткичлар қайд этилмаган», - дея Олий суд раиси ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Олий суд матбуот хизмати маълумотларига кўра, ярим йиллик давомида матбуот томонидан судлар фаолиятига доир 54та танқидий мақола эълон қилинган ва булардан 33тасига муносабат билдирилган, 19таси эса ўрганилмоқда.

Матбуот анжуманида ҳозирги кунда авж олаётган «снос» масаласида ҳам кўрилган ишлар бўйича маълумот берилди. Маълум қилинишича, 2019 йилнинг биринчи ярмида 2090та суд иши кўриб чиқилган, 1249та даъво қаноатлантирилган, 177таси рад этилган, 498таси кўрмасдан қолдирилган, 166та иш юритувдан тугатилган.

Мавзуга оид