Ўзбекистон | 17:07 / 03.08.2019
10269
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ноёб геопарк очилиши режалаштирилмоқда

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан ҳамкорликда Китоб геологик қўриқхонасини туристлар учун ноёб геологик маршрутни очишни режалаштиришмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Зинзилбоғ кесмаси Эмса базаси эталон стандартларига тўла жавоб берувчи дунёнинг ягона ноёб геологик ёдгорлиги бўлишига қарамай, шу пайтга қадар у фақат олимлар учун очиқ бўлган ва бу борада икки қўмита вакиллари 2 август куни янги маршрут очилишини маълум қилишган. Мазкур жой бундан 410 миллион йил олдин Дунё океанидан ернинг ажралиб чиқиш жойларидан бири сифатида ноёб геологик ёдгорлик саналади.

Маршрутнинг очилиши 1-3 август кунлари Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтадиган 2-халқаро геотуристик форум доирасида ташкил этилди. Форумдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда геотуризмни ривожлантириш учун янги истиқболлар ва имкониятларни очиш, республиканинг туроператорлари ва геотуризм соҳасидаги илмий доиралар вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, янги тур-маҳсулотни яратиш ва мавжуд тур ва дастурларни бойитишдан иборат. 

«Биз ҳозир ер юзида ҳаёт биринчи марта туғилган жойдамиз. Умид қиламизки, ушбу форумдан сўнг қўриқхона бутун дунё бўйлаб сайёҳлар учун очиқ бўлади», - деди Туризмни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев. «Бу форум биз учун катта аҳамиятга эга, чунки бу жой халқаро ҳамжамият томонидан ер ривожланишининг геологик тарихининг саҳифаларидан бири сифатида эътироф этилган. Агар сиз уни геотуризм нуқтаи назаридан кўриб чиқсангиз, у қўшимча маънога эга бўлади», - дейди Геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси маслаҳатчиси Илҳом Турамуратов. «Бизнинг вазифамиз бутун дунёга ушбу геологик кесмани - фан, тарих, маданият ва туризм ривожи учун учун не чоғли аҳамиятли эканлигини кўрсатишдир», – деб қўшимча қилди маслаҳатчи.  

Таъкидлаш лозимки, Геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасига Китоб геологик қўриқхонасини Миллий боғга айлантириш таклифи лойиҳаси тақдим этилган ва бу лойиҳа амалга ошса келгусида мазкур ноёб геологик ёдгорликни истаган инсон келиб кўриш имкониятига эга бўлади.  

Шу билан бирга, форумда иштирок этаётган олимлар томонидан қўриқхонанинг бутун ҳудудини ўрганиш бўйича зарур илмий ва маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва Ўзбекистонда биринчи геопаркни халқаро тажриба асосида яратишга ёрдам берадиган йўл харитасини яратиш, бунда табиатнинг ва геологик ёдгорлигини бузилмаган ҳолда сақлаш таклиф этилди.

Мавзуга оид