Ўзбекистонда кейинги уч йил давомида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамасдан, жойларда кўплаб муаммолар кузатилмоқда.
Мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, Kun.uz «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналида Ўзбекистондаги ислоҳотларга кимлар тўсқинлик қилаётгани борасида сўров ўтказди.
Сўровда 2 395 киши қатнашди. Иштирокчиларнинг аксарияти ёки 54 фоизи Ўзбекистонда ислоҳотлар ўтказилишига асосан ҳокимлар тўсқинлик қилмоқда деб ҳисоблайди. Жавоб берганларнинг 14 фоизи ислоҳотларга вазирлик ва қўмиталар, 11 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, 5 фоизи - халқ, 1 фоизи – нодавлат ташкилотлари ва 1 фоизи сиёсий партиялар тўсқинлик қиляпти деган фикрда. Сўровда қатнашганларнинг 9 фоизи ислоҳотларга бошқа ташкилот ва шахслар тўсқинлик қилмоқда деб ҳисоблайди.

Кейинги вақтда турли даражадаги ҳокимлар диққат марказида бўлгани боис сўралганларнинг аксарияти ҳокимларни танлаган. Жойларда бузиш, компенсация, коммунал хизмат муаммолари кузатилмоқда. Мантиқан, маҳаллий аҳоли бу муаммоларни ҳокимлар билан боғлайди, чунки улар маълум бир ҳудудни бошқаришади ва ҳудуддаги барча ўзгаришлар учун жавобгар ҳисобланишади.
Эътибор берилса, Ўзбекистон президенти ҳар сафар вилоятларга ташриф буюрганида, жойларда ҳокимлар ишдан бўшатилади. Нима учун деган саволга президентнинг ўзи жавоб берди.
Шавкат Мирзиёев 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор давомида Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевга биринчи ўринбосари ва вилоятнинг бош солиқчисини ишдан олиш бўйича кўрсатма берди.
«Булар қанча гапиришимизга қарамасдан олиб борилаётган ишларни тушуна олмаяпти ва тушунишни хоҳламаяпти. Рўзиев, солиқчингниям, биринчи муовинингниям бугуннинг ўзида ишдан олиб ташла», деди президент.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси давлат бошқаруви соҳасида профессионал кадрлар тайёрлашга мўлжалланган. Аксарият экспертларнинг таъкидлашича, академияда тажрибали ўқитувчилар дарс беради. Ҳокимларнинг резюмеларига эътибор берилса, уларнинг кўпчилиги мазкур академия битирувчилари ҳисобланади. Аммо шунга қарамай, ҳокимлар давлат учун ҳам, жамият учун ҳам муаммолар пайдо қилмоқда.















