Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг шаҳар ва туман ҳокимлари Лондонда малака оширади
Лондонда Ўзбекистон шаҳар ва туманлари ҳокимлари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон элчиси Равшан Усмоновнинг Британиянинг Civil Service College (CSC) нодавлат таълим муассасаси вакиллари билан учрашуви якунлари бўйича маълум қилинди.
“Дунё” АА хабар қилишича, учрашувда давлат хизмати соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинган. Хориж томонига Ўзбекистонда давлат хизматини ривожлантириш, истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда уларнинг мунтазам касбий ўсишини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилган.
Мулоқот давомида томонлар биргаликда таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва тренинглар ташкил этиш, онлайн ва гибрид ўқув платформаларини яратиш имкониятларини кўриб чиққан. Шунингдек, экспертлар алмашиш ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашув якунида Ўзбекистон шаҳар ва туманлари ҳокимлари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини йўлга қўйиш, давлат хизмати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш ва қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.
Маълумот учун, Civil Service College 1970 йилда Британия ҳукумати ҳузуридаги миллий мактаб сифатида ташкил этилган бўлиб, давлат хизматчилари тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган муассаса ҳисобланади. 2012 йилдан эса мустақил таълим маркази сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Мавзуга оид
12:25 / 22.05.2026
IPO нима ва UzNIF акцияларини қандай сотиб олиш мумкин?
21:22 / 18.05.2026
Саида Мирзиёева Лондонда нуфусли халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари ва сиёсатчилар билан учрашувлар ўтказди
23:09 / 28.04.2026
Лондон марказида дунёдаги энг катта капсулали арзон меҳмонхона очилди
09:20 / 28.02.2026