Ўзбекистон | 11:06 / 05.08.2019
15768
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги фожиали воқеалар қурбонлари рўйхатида Ўзбекистон фуқаролари йўқ - ТИВ

Фото: AP Photo/John Minchillo

Сўнгги кунларда АҚШнинг қатор йирик шаҳарларида тинч аҳолини бир қанча оммавий ўққа тутиш ҳолатлари юз берди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси бу ҳақда махсус ахборот билан чиқди.

2019 йил 3 август куни Техас штатининг Эл-Пасо шаҳрида Walmart супермаркетида отишма содир бўлди. ОАВ маълумотларига кўра, 20 киши қуролли ҳужум қурбонига айланган, яна 26 киши жароҳатланган, 21 ёшли гумондор Патрик Крузиус ҳибсга олинган. Жиноятнинг сабаблари аниқлаштирилмоқда.

4 августга ўтар кечаси Огайо штати Дейтон шаҳрида ҳам отишма юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, 10 киши, жумладан ҳужумчининг ўзи вафот этган. 27 киши жабрланган.

Шунингдек, отишма ҳолати Иллинойс штатида Чикаго шаҳрида ҳам қайд этилди. Fox News хабарига кўра, 4 август куни маҳаллий вақт билан соат 1.30да жиноятчи Чикаго ғарбидаги паркда машинадан оломонга қарата ўқ узган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 7 киши турли даражада жароҳат олган.

5 август ҳолатига кўра, Техас ва Огайо штатларида, шунингдек, Чикаго шаҳрида содир бўлган фожиали воқеалар қурбонлари рўйхатларида Ўзбекистон фуқаролари йўқ, дейилади ТИВ хабарида.

Мавзуга оид