Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухорода навбатдаги солиқ можароси. Вобкент туман ДСИдан норози тадбиркор Олий суддан адолат кутмоқда
Бугунги кунда солиқ идоралари ва тадбиркорлар ўртасида қонунни қўллаш юзасидан ўзаро низолар ва тушунмовчиликлар учрамоқда.
Kun.uz таҳририятига тадбиркорлар томонидан йўлланаётган турли мурожаатлар ҳам бу ҳолатни яққол кўрсатиб турибди. Тадбиркорлар ва солиқ идоралари ўртасидаги низолар сайтимизда журналистик суриштирувлар асосида ёритиб борилмоқда.
Таҳририятга шу мазмундаги навбатдаги мурожаат Бухоро вилояти, Вобкент туманида яшовчи тадбиркор «Bukhara airways plus» МЧЖ раҳбари Султон Сайфиевдан келиб тушди.
Тадбиркор ўз мурожаатида Вобкент тумани давлат инспекцияси мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норозилиги, ўзига нисбатан ноҳақликлар қилинаётганини таъкидлаган.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Бухорода бўлиб, тадбиркор билан суҳбатлашдик ва унинг эътирозларини тингладик.

«Асосан аҳолига авиачипталар сотиш ва туризм хизматлари билан шуғулланамиз. 2010 йилдан буён фаолият юритиб келмоқдамиз. Кўп йиллик тажрибамиздан келиб чиқиб, Бухородан Владивостокка халқаро чартер рейс қўйишни мақсад қилдик. Чунки, бу йўналишга талаб кўп эди. Бунинг имкониятларини ўрганиб чиқдик. Владивостокка бир неча марта бориб келдим ва охири мақсадимга эришдим. 2018 йил февраль ойида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК билан шартнома тузиб, ўша йил 1 апрелдан биринчи чартер рейсни амалга оширдик. Бу жараён оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди. 2018 йил 1 апрелдан 18 августга қадар 6 марта шундай чартер рейс амалга оширилди. Учта рейсда зарар кўрган бўлсак, кейинги учта рейсда даромад олдик. Бу фаолиятни бошлашдан аввал биз солиқ идораси мутахассислари билан маслаҳатлашганмиз. 2018 йил 1 апрелга қадар ягона солиқ тўловчиси эдик. Улар умумий белгиланган солиқ турига ўтишимизни тавсия қилишди ва Солиқ кодексининг 216-моддасини кўрсатишди. Биз олган фойдамиздан 20 фоиз қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлаганмиз. Тегишли тартибда ҳисоботларни топшириб келганмиз. Кейин Вобкент тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан умумий айланма маблағдан 20 фоиз ҚҚС тўлаш талаб қилина бошланди. Бу ноҳақлик эди. Ҳозир низо давом этмоқда», – дейди биз билан суҳбатда Султон Сайфиев.

Ўрганишимиз давомида масалага оид ҳужжатлар билан танишиб чиқдик.
Маълум бўлишича, камерал назорат натижалари бўйича Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси «Bukhara airways plus» МЧЖга солиқ тўловлари бўйича тафовут ва хатоликларни бартараф этиш юзасидан талабнома киритган. Камерал назорат натижасида тафовут 1 миллиард 340 миллион 636 минг 200 сўмлиги аниқланган ва тадбиркорга шунча миқдорда солиқ қарзи юкланган.

Шундан сўнг, «Bukhara airways plus» МЧЖ томонидан Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасига 2018 йил 16 ноябрда Солиқ кодексининг 216-моддасига кўра, фаолияти қўшилган қиймат солиғидан озод этилгани ва солиқ қарзи йўқлиги ҳақида билдиришнома юборилади.

Хўш, Солиқ кодексининг 216-моддасида ўзи нима дейилган?
Солиқ кодекси, 216-модда – Халқаро йўналишда ташишларга солиқ солиш
Халқаро йўналишда ташишлар бўйича кўрсатиладиган қуйидаги хизматларни реализация қилиш оборотига ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади:
транзит юкларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ташиш. Транзит юкларни ташиш жумласига юкнинг транзитини амалга ошириш учун чет эллик шахслар билан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар ёки халқаро (идоралараро) транспорт битимлари ҳамда божхона органларининг мазкур транзит юклар ҳақиқатда олиб кирилгани ва олиб чиқилгани тўғрисида белгилари мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали чет эл транзит юкларини ташиш ва уларга хизмат кўрсатишга доир хизматлар киради;
йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш. Агар жўнатиш пункти ёки тайин этилган пункт Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, ташишлар ягона халқаро ташиш ҳужжатлари асосида расмийлаштирилган тақдирда, халқаро йўналишларда ташиш ҳисобланади.
Тадбиркор ва солиқ идораси ўртасидаги низо айнан шу моддани талқин қилиш юзасидан келиб чиқмоқда.
Мазкур низо 2019 йил 26 март куни Вобкент туман давлат солиқ инпекцияси даъвоси билан дастлаб Пешку туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилади ва туман ДСИнинг даъвоси рад этилади.
Вобкент туман ДСИнинг апелляция тартибида берган шикояти Бухоро вилоят иқтисодий судида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг қарори бекор қилинади ва солиқ идорасининг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилади.
Бироқ, тадбиркор апелляция инстанцияси ажримидан норози. Унинг фикрича, фуқароларга халқаро йўналишлар бўйича авиачипта сотгани учун ҚҚС белгиланмаслиги лозим, бутун дунёда бундай амалиёт йўқ, солиқ идоралари томонидан фаолиятига нисбатан ушбу модда нотўғри талқин қилинмоқда.
Сизнингча ушбу вазиятда ким ҳақ? Тадбиркорми ёки солиқ идораси?
Маълум бўлишича, мазкур низо айни вақтда тадбиркорнинг назорат тартибида йўллаган шикоятига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда экан. Юқоридаги саволга Олий суднинг қарори қабул қилингандан сўнг батафсил жавоб олишимиз мумкин.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Бардошбек Самад ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
12:10 / 27.05.2026
Бухорода ЙТҲ содир қилган ҳайдовчи 10 суткага қамалди
18:54 / 26.05.2026
Тинтувдан сўнг йўқолган тиллалар – қидирувдаги собиқ терговчи ишида янги тафсилотлар пайдо бўлди
08:20 / 25.05.2026
Бухорода соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцион схема фош этилди
21:35 / 21.05.2026