Статистик маълумотларга кўра ҳар йили 14 миллион кишига саратон ташхиси қўйилади. Бу рақам йилдан-йилга ортиб бормоқда ва ЖССТ маълумотларига кўра 2025 йилга келиб бундай ташхис қўйилган беморлар сони 19,3 миллион кишига етади. Бугунги кунда ўсма касалликлари туфайли ўлимлар юрак қон-томир касалликларидан кейин иккинчи ўринда турган бўлса, прогнозларга кўра 20 йилдан сўнг етакчига айланади.

Профессор Озлем Эр ACIBADEM Maslak клиникасида онкологик касалликларни даволаш билан шуғулланади. Унинг фикрича, онкологик муаммолар билан курашда энг муҳим жиҳат аҳолининг бу борадаги тушунчаларини ошириш ва бу дард аниқланганда имкон қадар тезроқ чоралар кўришдир. Шифокор бундай касалликларни даволаш бўйича ўз фикрларини билдиради.
Даволаш услубини танлаш ҳужайралардаги ўзгаришларга боғлиқ
Саратон – умумий ном бўлиб, бу дард остида 200 дан ортиқ муайян касалликлар ётади. Касалликни молекуляр структурасига асосан кўрсак, бир хил турдаги касаллик ўзини турли шаклда намоён этаётганини кузатишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам даволаш самараси бемор организмидаги ҳужайралар мутациясининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олинган ҳолда олиб борилишига боғлиқ. Аниқ диагноз тўқималар биопсияси ва суюқ биопсия текширувларидан сўнг қўйилади.

Мутациялар қон таҳлилига кўра кўринади
Саратон (рак) соғлом ҳужайраларнинг зарарланиши ва мутацияга учраб, ҳаддан ташқари тез ва назоратсиз кўпайиб кетиши билан юзага чиқади. Бундай ўзгаришлар авлоддан авлодга ўтиши ёки ташқи факторлар сабаб юзага келиши мумкин.
Фан бир жойда турмайди ва сўнгги йилларда онкологик касалликлар билан курашда анча жиддий силжишларга эришилди. Лекин бу касалликни бир хил услуб билан даволаб бўлмайди ва ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида ёндошув зарур. Даволаш самараси киши аъзосининг патологик ўзгаришлари қай даражадалигига боғлиқ. Замонавий услубларни қўллаган ҳолда сўнгги ўн йилликлар ичида минглаб беморларнинг ҳаёти сақлаб қолинди, умр давомийлигини узайтиришга эришилди.






















