Болаларда кўриш билан боғлиқ муаммолар кўп ҳолларда туғма бўлади, аммо улар бахтсиз ҳодиса ёки жароҳатлар туфайли ҳам юзага келиши мумкин. Болаларда кўриш қобилияти дастлаб 3 ойлигида, бола кўзларини ҳаракатлантиришни бошлаганида текшириб кўрилади.

ACIBADEM Altunizade клиникаси шифокори Муруввет Айтен Тузуналп 20 йилдан ортиқроқ муддат давомида болаларда кўз касалликларини даволаш билан шуғулланади. Мутахассис кўзлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш билан бирга даволаш услубларини ҳам тавсия этади.

Муруввет Айтен Тузуналп

Шифокорнинг сўзларига кўра, кўз касалликларида рефракцион хатолар энг кўп диагноз қилинади. Лекин бу кўзойнак тақишга сабаб бўладиган ягона ташхис эмас. Кўп ҳолларда кўзлардаги рефракцион хатолар ҳолати туғма порокларга бориб тақалади. Аммо ҳаёт давомида орттирилган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Қайд этиш керакки, кўриш қобилиятини текширишни бола 1 ёшга киргунга қадар амалга ошириш керак. Агар жиддий муаммо аниқланса, болага 3 ёшгача тақиб юриш учун кўзойнак тавсия этилади.

Шифокорнинг таъкидлашича, «ялқов кўз» ёки ғилайлик ташхисланган ҳолатларда кўзойнаклар индивидуал тарзда танланади. Ҳолатга кўра патология ривожланишининг барча вариантлари баҳоланади ва муаммони бартараф этиш учун келгуси ҳаракатлар режаси тузиб олаинади. Болани ҳар 6 ойда текширувлардан ўтказиш зарур. Агар муаммо жуда жиддий бўлса, кўзойнакни бир ёшгача тақиш тавсия қилинади. Кўзлардаги рефракцион хатолар ҳолатида қарор текширувлар натижаларига кўра қабул қилинади – қорачиқларни кенгайтириш орқали қўшимча тестлар ўтказиш учун бир неча томчи томизиб кўрилиши ҳам мумкин.

Бошқа муаммоларда, масалан нистагмда (кўз олмасининг бошқарувсиз ритмик ҳаракати) ёки бир ёшгача учрайдиган ғилайликда текширувлар графиги фарқ қилади. Агар болада бир ёшгача бўлган ғилайлик (одатда бу ҳолат туғма бўлади) кузатилса, қўшимча тестлар ўтказилади ва рефракция билан боғлиқ муаммолар аниқланмаса, бола бир ёшга тўлиши билан операция қилинади.

Агар ғилайлик аниқланмасаю, ҳар икки кўзга таъсир қилувчи рефракцион муаммолар мавжуд бўлса, даволаш режаси ҳолатга кўра белгиланади ва маълум муддат кутиб туриш мумкин. Агар икки кўз ўртасида катта фарқ мавжуд бўлса, «ялқов кўз»га махсус кўзойнак ёки линзалар тавсия қилинади, боғламалар (соғлом кўз окклюзияси) қўйилади.