Ўзбекистон | 09:32 / 07.08.2019
4060
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Туркия Буюк миллат мажлиси аъзоларини сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф қилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 6 август куни Туркияда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг раиси Мустафо Шентоп билан учрашди.

Учрашувда парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, 2017 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Туркия Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолангани Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги ҳуқуқий асосининг муҳим таркибий қисми бўлди.

Парламентлараро ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қулай омили сифатида муҳимлиги таъкидланди. Қайд этилганидек, ҳамкорликнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, иқтисодий ва бошқа соҳадаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришда муҳим роль ўйнайди.

Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, туризм, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга қонунчилик жиҳатидан кўмак беришга томонларнинг тайёр эканлиги тасдиқланди.

Суҳбат чоғида 2018 йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ҳамкорликнинг парламентлараро гуруҳлари биринчи қўшма мажлисининг муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди, Олий Мажлис делегациясининг Анқара шаҳрида иккинчи қўшма мажлисда иштирок этиш учун Туркияга ташрифини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. 

Қонун ижодкорлиги соҳаси, парламент сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажриба алмашишдан томонлар манфаатдор эканлиги таъкидланди. Ўзбекистон томони Туркия Буюк миллат мажлиси аъзоларини жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф қилди, дейилади ТИВ хабарида.

Мавзуга оид