Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда таэквондо бўйича кадетлар ўртасида ЖЧ бошланди. Ўзбекистон биринчи кунни медалсиз якунлади
Таэквондо бўйича Тошкентда бошланган кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг илк куни ўзбекистонлик спортчилар учун омадсиз кечди.
«Универсал спорт саройи» мажмуасидаги дастлабки кунги баҳсларда даянга чиққан беш мезбон таэквондочидан тўрт нафари илк баҳсдаёқ мағлубиятга учради.

Ўғил болалардан -65 кг вазн тоифасида Абдулазиз Аҳрамов сербиялик рақибга, +65 кг.да Маҳсуд Маратов мексикалик спортчига имкониятни бой берди. Қизлар ўртасидаги баҳсларда эса -29 кг вазн тоифасида Шабона Абдувалиева туркиялик спортчига, -33 кг.да Айнур Умирзакова таиландлик атлетга ютқазиб қўйди.

Бу тўрт ўзбекистонлик спортчидан кейин даянга кўтарилган -51 кг вазн тоифасидаги Мубина Маъмуржонова нимчорак финалда болгариялик рақибининг тўсиғидан ўта олди. Вақт тугашига 10 сония қолганида 18:18 ҳисоби қайд этилаётган баҳсда Мубина сўнгги сонияларда бир очко олиб, чорак финалга чиқди. Аммо у кейинги босқичда Андорра терма жамоаси аъзосидан енгилди.

Чорак финал жангларидан кейин Жаҳон чемпионатининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси раҳбарияти, Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари ва спорт мутасаддилари қатнашди.
Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чой маросимда сўзга чиқиб, ўз нутқини ўзбек тилида «Ассалому алайкум» дейишдан бошлади. У Жаҳон чемпионатига чиққан иштирокчиларга келгусида Олимпиадада ҳам қатнашишларини тилади, шунингдек, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси президентлигига яқинда тайинланган Шерзод Тошматовга омад тилади.
Шундан сўнг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди ва меҳмонларни Ўзбекистонга ташрифи ва жаҳон чемпионатидаги иштироки билан табриклади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир мамлакатда таэквондо билан шуғулланаётганлар сони 20 мингдан ошади.
Чемпионат расман очиб берилгач, расмий қасамёд маросими бўлиб ўтди, сўнгра тадбир рақс ва кўргазмали чиқишлар билан давом эттирилди.
Кадетлар, яъни 12-14 ёшли спортчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўғил болалар ва қизлар ўртасида 10тадан вазн тоифасида ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркибда қатнашяпти.
Биринчи кунги баҳсларда 5та олтин медалдан 2таси Таиланд вакилларига насиб қилди. Яна учта олтинни Россия, Мексика ва Эрон спортчилари ютиб олди. Энг совриндор жамоа – 4та медаль олган Россия терма жамоаси бўлди: россияликлар 1та олтин, 2та кумуш ва 1та бронза медалларини қўлга киритишди.
Чемпионат 10 август куни якунига етади.





Мавзуга оид
20:07 / 13.04.2026
Тошкентда таэквондо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олди
18:30 / 11.04.2026
Тошкент таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
08:53 / 13.08.2025
Тўқаев таэквондо бўйича қора камар олди ва тахтани синдирди
15:02 / 30.06.2025