«Gastro bazaаr» фестивали нега айнан Қурбон ҳайити байрами кунлари ўтказилмоқда?
Ўзбекистоннинг гастрономик салоҳиятини халқаро миқёсда янада ривожлантириш ва мамлакат имиджини ижобий шаклантириш мақсадида 9-11 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган «Gastro Bazаar – 2019» I халқаро гастрономик фестивали бугун старт олди.
Фестивал доирасида миллий ва жаҳон ошхоналари намойиши, ўзбек ва хориж ошпазлари иштирокида мусобақалар, кўнгилочар тадбирлар ўтказилади.
Ушбу фестивал юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Бутунжаҳон туризм ташкилотининг «Ипак йўли офиси» директори Миртолиб Мирзоҳидовнинг маълумот беришича, тадбирнинг айнан Қурбон ҳайити кунлари ташкиллаштирилиши юртдошларимизнинг байрамни мазмунли ўтказишларига ёрдам беради. Шунингдек, фестивал доирасида ташриф буюрувчилар республиканинг 14та ҳудудининг ўзига хос тансиқ таомларидан баҳраманд бўлиши мумкин.
«Таъкидлаш жоизки, гастрономия туризм соҳасида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатадиган энг муҳим саноатлардан биридир. Масалан, Бутунжаҳон туризм ташкилотининг маълумотларига кўра, туристларнинг 79-80 фоизи, асосан, гастрономик тадбирлар режаси ва маҳаллий ошхоналарнинг хусусиятини ўрганиб чиққандан сўнг саёҳатини режалаштиради. Ўзбекистонда сайёҳлар энг рози бўлаётган йўналиш ҳам гастрономия», - дейди Миртолиб Мирзоҳидов.
Шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборотига кўра, хориждаги бир қанча таҳлилий тадқиқот агентликлари ва журналлар орқали ўтказилган сўровномаларда ҳам Ўзбекистонда гастрономик туризм энг машҳур йўналиш сифатида тан олинган. «Gastro Bazаar - 2019» фестивалининг бўлиб ўтиши ҳам сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш учун муҳим қадам бўлиши кераклиги назарда тутилган.
«Маҳаллий таомларни татиб кўриш учун саёҳат қилувчилар бошқа сайёҳларга қараганда 1.5 баравар кўп пул ташлаб кетади. Масалан, Туркияга шунчаки ташриф буюрган одам овқатланиши учун 174 АҚШ доллари сарфлаётган бўлса, гастрономик мақсад билан келганлар бунинг учун 259 доллар маблағ ажратишади. Шунинг учун ҳам Туркияда Истанбулдан 32 дақиқа узоқликда жойлашган ҳудудда гастроқишлоқ ташкил қилиниб, йил давомида давлатнинг энг тансиқ таомларини намойиш қилиш имкони яратилди», - дея Туркия гастрономик салоҳияти ҳақида маълумот бериб ўтди Туркия Гастрономик туризм уюшмаси Бошқарув Кенгаши раиси Гуркан Бўзтепе.
Хорижлик экспертнинг таъкидлашича, Туркиядаги гастроқишлоқда ўзбек таомларини ҳам намойиш қилишни йўлга қўйиш мумкин. Бу билан миллий таомларни татиб кўрган сайёҳларнинг бевосита Ўзбекистоннинг ўзига саёҳат қилиш учун қизиқиши ортиши мумкин.
Маълумот учун: Gastro Bazаar фестивали ўтказилиши муносабати билан пойтахтдаги қуйидаги кўчалар ёпилган:
Матбуотчилар кўчасининг Буюк Турон кўчаси билан туташган чорраҳасидан бошлаб Нуронийлар кўчаси кесишмасигача бўлган қисми;
Бухоро кўчасининг Hugo Boss дўкони ёнидан то Нуронийлар кўчаси кесишмасигача бўлган қисми;
Зарафшон кўчасининг Ислом Каримов кўчаси кесишмасидан Сайилгоҳ кўчасигача бўлган қисми.
Мавзуга оид
09:44 / 07.09.2024
Тошкентда фестивалда жамоат тартибини бузган 5 нафар вояга етмаган шахснинг ота-онасига баённома тузилди
21:59 / 04.09.2024
Тошкентда бир қанча кўчалар 3 кунга ёпилади
13:27 / 29.08.2024
«Фестиваллар ўтказиш кўчани асфалт қилишдан муҳимроқ» — Озодбек Назарбеков
19:16 / 03.08.2024