Бугунги кунда АҚШ қишлоқ хўжалиги самарадорлиги кўрсаткичи бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. Янги инновацион ечимларнинг татбиқ этилиши, соҳадаги илғор янгиликлар, махсус таълим имкониятлари, шунингдек, давлатнинг мақсадга йўналтирилган сиёсати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун қулай иқлим шароитини яратиш фермерларга камроқ харажат ва меҳнат орқали кўпроқ ҳосил олиш имконини беради. 1982 йилдан бошлаб АҚШдаги қишлоқ хўжалиги самарадорлиги қарийб 50 фоизга ортди.

Барча мезонларга кўра, қишлоқ хўжалиги ҳозирги кунда Американинг энг йирик бизнес тармоқларидан бири ҳисобланади. Айнан АҚШда мамлакат иқтисодиётининг улкан ишлаб чиқариш ҳажмини ифодалайдиган махсус ибора – «агробизнес» пайдо бўлди.

Хўш, Ўзбекистонда мазкур соҳани етакчи тармоқ сифатида кенг ривожлантириш учун нима керак?

Айни дамда Ўзбекистон ҳукумати ҳаётнинг энг муҳим тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида янги инновацион технологияларни жорий қилиш зарурлигини қайд этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5708-сонли Фармонининг ижросини таъминлаш учун соҳада қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Айни дамда қишлоқ хўжалигида инновацион ресурстежамкор техника ва янги технологияларни қўллаш, ақлли қишлоқ хўжалиги (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш устувор мақсадлардан биридир. Шу сабабли, турли халқаро компаниялар билан ҳамкорликда мамлакатга инновацион технологияларни олиб кириш бўйича шартномалар тузилмоқда.

Американинг гигант компанияси Ўзбекистонда!

Агро саноатни ривожлантиришда энг асосий омил – зарур ва сифатли техникадан фойдаланишдир. Эндиликда қишлоқ хўжаликлари техникасини ишлаб чиқаришда дунёда биринчилардан бўлган John Deere  маҳсулотлари Ўзбекистонда 2017 йилдан бери Landtech расмий дилерлик компанияси томонидан тақдим этилмоқда. Бироқ айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлардан сўнг, инновацион технологияларга талаб сезиларли даражада ортди. Маҳаллий бозорга кириб келганига бор-йўғи икки йил бўлган бўлса ҳам компания маҳсулотларига бўлган талаб кундан-кунга ортиб бормоқда.