«Тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари рақамлаштиришсиз натижа, ривожланиш бўлмаслигини тушуниб етиши шарт. Барча даражадаги раҳбарлар буни ўзига кундалик вазифа сифатида белгилаб, рақамлаштириш соҳасини алифбосидан бошлаб чуқур ўрганиши керак». Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев жорий йил сентябр ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида таъкидлаган эди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини рақамлаштириш бўйича биринчи рақамли компания John Deere ўзининг Ўзбекистондаги дилери «Landtech» компанияси ёрдамида Ўзбекистонда аграр соҳани рақамлаштириш ва буни соҳа мутахассисларига «алифбосидан бошлаб чуқур ўргатиш» учун ҳаракат қилиб келмоқда.


Шу мақсадда компания Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти билан ҳамкорлик қилмоқда, университетда компаниянинг махсус тренинг хонаси ҳам ташкил этилган.
Яқинда мана шу манзилда «Landtech» компанияси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда институт профессор-ўқитувчилари, АКТ соҳаси мутахассислари ва талабалар учун семинар-тренинг ўтказди. Сабаби John Deere компанияси ўз дилери «Landtech» ёрдамида мамлакатга олиб келаётган янгиликларни ишлатувчи асосий куч маҳаллий мутахассислар ҳисобланади.


Семинар-тренингда John Deere компанияси мутахассислари иштирокчиларга қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш бўйича AMS (Agriculture management solutions) тизими ва унинг самарали жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
AMS тизими АҚШ, Европа каби ривожланган давлатларда фойдаланилмоқда, уни аграр имкониятлари юқори бўлган Ўзбекистонда оммалаштириш давлатда сифатли ҳосил етиштиришга, тежамкорликка эришишга ёрдам беради.
«AMS тизими орқали қишлоқ хўжалигида иш жараёни ташкил қилинса, ишлатиладиган ёқилғи, уруғ, кимёвий ишлов бериш воситалари ва, айниқса, вақт тежалади. Оператор меҳнати осонлашади. Яна бир фойдали тарафи қуёш ботиши билан даладаги ишни тугатиб қўйиш шарт бўлмайди. Сабаби тизим орқали кечки пайт ҳам ишлаш мумкин, ҳаммаси автоматик тарзда назорат қилиб борилади», - дея маълумот берди тренингда “Landtech” компанияси мутахассиси Лазизхон Aҳмедов.
















