Бутун дунёда рақамли технологиялар барча соҳалар ва одамлар ҳаётига жадал кириб боряпти. Ўз навбатида жаҳондаги илғор John Deere компаниясининг Ўзбекистондаги дилери “Landtech” ХК республика фермерлари ва деҳқон хўжаликларига рақамли технологиялар билан жиҳозланган қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этмоқда.
15 октябрь куни Жиззах вилоятида жойлашган Silverleafe кластерида ўтказилган тадбирда компаниянинг пахта териш учун мўлжалланган CP690 комбайни ва ерга ишлов беришнинг аниқ AMS SYSTEM тизими тақдимоти ўтказилди. Унда турли вазирлик ва идора вакиллари иштирок этишди.
Тадбирнинг долзарблиги шундаки, 22 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. “Тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари рақамлаштиришсиз натижа, ривожланиш бўлмаслигини тушуниб етиши шарт. Барча даражадаги раҳбарлар буни ўзига кундалик вазифа сифатида белгилаб, рақамлаштириш соҳасини алифбосидан бошлаб чуқур ўрганиши керак”, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Тадбирнинг ўтказилиши президент ташаббусларининг John Deere томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётгани, шунингдек, компаниянинг ҳалоллик, сифат, садоқат ва новаторлик каби асосий тамойилларига амал қилиб, миллий иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши жараёнларини тезлаштиришда ҳам бевосита иштирок этаётганлигини намоён этади.
John Deere компаниясининг расмий дилери, “Landtech” ХК тижорат директори Ботир Исроиловнинг таъкидлашича, мазкур тақдимотни ўтказишдан асосий мақсад қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни қўллашдан иборат.
“Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни қўллаш иш кучини камайтириб, трактор, комбайнлар ёрдамида пахтани кўпроқ териш, ерга ишлов бериш имкониятини яратади. Сўнгги икки йилда олиб келинган техникаларнинг деярли 80 фоизи John Deere'нинг телематик тизимлари билан жиҳозланган. Мижозларга техниканинг далада қилаётган ишини кузатиб бориш имкониятини беради”, - деди Ботир Исроилов.

John Deere компанияси билан бир неча йиллар давомида ҳамкорлик қилиб келаётган “Султон” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Ҳожибеков компания техникалари сифати аъло даражада эканини айтиб ўтди.
“Икки йилдан бери John Deere компанияси билан ишлайман. Бизда мазкур компаниянинг пахта териш машинаси бор. Бир кунда 1000 нафар одам терадиган пахтани битта комбайн теради”, - деди Нуриддин Ҳожибеков.
















