Ўзбекистон | 09:07 / 10.08.2019
2904
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Корея ихтирочи аёллар ҳафталиги ташкил этилади

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон парламенти делегациясининг Кореяга ташрифи доирасида Жанубий Корея Ихтирочи аёллар ассоциацияси раиси Ли Иншил билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув давомида хотин-қизлар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини, иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш бўйича батафсил фикр алмашилди.

Ли Иншил қайд этганидек, ихтирочи аёлларни ва уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш соҳасида Ўзбекистон ва Корея ўртасида ҳамкорлик учун кенг истиқболлар мавжуд.

Томонлар Ўзбекистонда 2019 йил 14-19 сентябрь кунлари Ўзбекистон-Корея ихтирочи аёллар ҳафталигини ташкил этишга келишиб олди.

Ли Иншил Ўзбекистон ихтирочи аёллари кашфиётлари ва инновацион маҳсулотлари экспортини ривожлантириш юзасидан тажриба алмашишга кўмаклашадиган мазкур муҳим форумда қатнашиш таклифини миннатдорлик билан қабул қилди.

Инновация ҳафталиги доирасида Тошкент, Фарғона, Бухоро ва Хоразм вилоятларида давра суҳбатлари ва семинарлар ҳамда аёлларнинг инновацион лойиҳалари ва маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид