Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танзила Норбоева: Халқаро рейтинг ва индексларда муносиб ўрин эгаллаш — бу шунчаки рақам ёки статистика эмас
Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида мамлакатнинг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш тўғрисидаги Миллий маъруза кўриб чиқилди. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги, инвестициявий жозибадорлиги ва давлат бошқаруви самарадорлигини баҳоловчи кўрсаткичлар таҳлил қилинди.
10 июль куни ўтказилган мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева халқаро рейтинглардаги ўсишлар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро баҳоси эканини таъкидлади.
«Халқаро рейтинг ва индексларда муносиб ўрин эгаллаш — бу шунчаки рақам ёки статистика эмас. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, давлат бошқаруви сифати, инвестициявий жозибадорлик ва энг муҳими, инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг халқаро эътирофидир», деди Танзила Норбоева.

Миллий маърузада келтирилишича, энг катта ўсишлардан бири Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида қайд этилди. Ўзбекистон бир йилда 19 поғонага юқорилаб, 167 мамлакат орасида 62-ўринни эгаллади. Шунингдек, мамлакат 2015 йилдан буён барқарор ривожланиш соҳасида энг катта тараққиётга эришган давлатлардан бири сифатида эътироф этилиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг юқори ўсиш суръатини намоён этаётган мамлакат сифатида қайд этилди.
Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида ҳам Ўзбекистон олти поғонага кўтарилиб, 193 давлат орасида 63-ўринни эгаллади. Эътиборлиси, республика электрон давлат хизматлари ривожи бўйича «юқори» тоифадан «жуда юқори» тоифага ўтган дунёдаги атиги 17 мамлакатдан бирига айланди.

Иқтисодий эркинлик индексида уч поғоналик ўсиш қайд этилди. Халқаро молия бозорлари учун муҳим кўрсаткич саналадиган суверен кредит рейтингида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилди. Fitch Ratings ва S&P агентликлари 2018 йилдан бери илк бор Ўзбекистоннинг рейтингини бир поғонага кўтариб, уни «BB» даражасида тасдиқлади. Жорий йилда эса мамлакатнинг кредит рейтинги прогнози «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирилди.
Сенат ялпи мажлисида қайд этилишича, бу натижалар хорижий инвесторлар учун муҳим ишонч сигнали бўлиб, мамлакатга инвестициялар оқимини ошириш, ташқи молия бозорларидан арзонроқ ресурслар жалб қилиш ҳамда иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Миллий маърузада айрим халқаро рейтинглардаги пасайишга коррупция ҳолатлари, қонунларга риоя этиш амалиётидаги камчиликлар ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ муаммолар таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Муҳокамалар якунида Сенат ушбу муаммоларни бартараф этишга қаратилган қарор қабул қилди. Ҳужжатда масъул давлат органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, рейтингларга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир йўналиш бўйича аниқ ислоҳотларни изчил давом эттириш вазифалари белгиланди.

Мутахассислар фикрича, халқаро рейтинглардаги ўсиш мамлакат имижини шакллантиришдан ташқари, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги, инвесторлар ишончи ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Шу боис бу соҳадаги ҳар бир ижобий натижа ортида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган амалий ислоҳотлар турибди.

Мавзуга оид
20:56 / 06.07.2026
Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик даражаси паст, аммо муаммолар сақланиб қолмоқда - тадқиқот
08:43 / 06.07.2026
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рейтинги эълон қилинди
19:55 / 02.07.2026
Танзила Норбоева раислигида Сурхондарёни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси муҳокама қилинди
20:55 / 25.06.2026