Ўзбекистон | 11:35 / 12.08.2019
16111
2 дақиқада ўқилади

Бухородаги Пои Калон ансамбли «ШҲТнинг 8 мўъжизаси» рўйхатидан жой олди

Фото: Advantour

21 июнь куни Пекин шаҳрида ШҲТ куни муносабати билан ўтказилган тантанали қабул доирасида “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” мавзусидаги тақдимот бўлиб ўтди. ШҲТ котибияти томонидан ташкил этилган тадбирда 600 дан зиёд сиёсий, ижтимоий, бизнес доиралар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этишди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарида айтилишича, ШҲТ бош котиби Владимир Норов ўз нутқида 18 йил аввал Ташкилотга асос солишга доир қабул қилинган қарор унга аъзо давлатларнинг тинчлик ва барқарорликка йўналтирилган муҳим стратегик танлови бўлганини таъкидлади. Нуфузли меҳмонлар бош котиб ҳамроҳлигида “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” кўргазмасини кўздан кечиришди. Кўргазмадан ШҲТ мамлакатлари табиати, урф-одатлари, анъанавий либослари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомларига бағишланган фотоматериаллар, видеороликлар ва қўлланмалар ўрин олган. 

“ШҲТнинг 8 мўъжизаси” рўйхатидан Бухоро кўрки бўлган, Пои Калон меъморий ансамбли ҳам ўрин олган бўлиб, Ташкилотга асос солинган куни ушбу тарихий масканнинг ҳам тақдимоти ҳам ўтказилди. Пои Калон меъморий ансамбли Минораи Калон атрофидаги ҳудудни ўз ичига олади. Комплекс XII-XIV асрларда 3 бинодан иборат: Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси. Минораи Калон 1127 йилда Арслон хон томонидан бунёд этилган бўлиб, деярли 900 йил давомида таъмирланмаган. Унинг баландлиги 46,5 метрни ташкил қилади. 

Масжиди Калон – Самарқанддаги “Бибихоним”дан кейин Марказий Осиёда катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи масжид. Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида, қорахонийлар масжиди ўрнида қурилган. Қурилиш ишлари 1514 йилда тугалланган. Мир Араб мадрасаси Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида, 1535-1536 йилларда қад кўтарган. Масжид анча катта бўлиб, 111 та ҳужра ва 2 зални ўз ичига олган. 

Мавзуга оид