Жамият | 23:07 / 13.08.2019
5976
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 5 та муҳим ташаббусга бағишланган фильм тақдимоти бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Айни вақтда республика бўйлаб ушбу ташаббусларнинг ижросини таъминлаш ва тарғиботи юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Навоий вилоятида ҳам бу борада тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, ушбу тадбирлар доирасида Президентнинг бешта муҳим ташаббусига бағишлаб республикада биринчи бўлиб «Ёмғирга айланганлар» бадиий фильми тайёрланди.

Навоий вилоят ҳокимлиги ва вилоят маданият бошқармаси ҳамкорлигида ишланган ушбу фильм тақдимотига кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар таклиф этилди.

Назарбой Нуриллаев режиссёрлик қилган ушбу фильмда ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ўзбекистонлик ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига урғу берилган.

Турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканлиги фильмда ўз аксини топган.

Тадбир якунида жамоатчилик вакиллари, ташкилотлар раҳбарлари ва ёшлар фильм ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Бардошбек САМАД ўғли тайёрлади.

Мавзуга оид