Ўзбекистон | 22:20 / 15.08.2019
5349
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Корея: фармацевтика соҳасида ҳамкорлик янги босқичга ўтмоқда 

Шу кунларда Ўзбекистон делегацияси Корея Республикасида бўлиб турибди. Ташриф доирасида ўзбекистонлик делегатлар Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Фармацевтика соҳаси бўйича Корея-Ўзбекистон бизнес форумида иштирок этди, шунингдек, қатор расмий учрашувлар ва музокаралар ўтказди. Ўзбекистон делегацияси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Кудратов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Абдусаламов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги директори Сардор Кариев, Агентликнинг бўлим бошлиқлари ва етакчи мутахассислари ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритувчи 30 га яқин фармацевтика компаниялари раҳбарларидан ташкил топган.

Фармацевтика кластерини ташкил этиш лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик делегатлар Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги, Фармацевтика ва биофармацевтика ишлаб чиқарвучилари бирлашмаси (KPBMA), KBIOHealth ва бошқа идоралар раҳбарлари ва вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Учрашувларда Корея томони иштирокида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунинг доирасида Осонг шаҳрида жойлашган фармацевтика кластери фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Кластер раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудида Ўзбекистон-Корея фармацевтика кластерини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги директори Сардор Кариевнинг айтишича, Корея компаниялари ушбу кластерда иштирок этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишдан манфаатдор эканликларини билдирган.

Яқин вақт ичида Осонг фармацевтик кластери раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифи режа қилинди. Унинг доирасида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади ва лойиҳани амалга ошириш учун ажратилган майдон кўздан кечирилади.

Шунингдек, Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги ва Кореянинг Анян Университети (Anyang University) ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Ундан мақсад, фармацевтика таълими ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва икки томон имкониятларини кегайтиришдир.

Мавзуга оид