19:24 / 16.08.2019
15433

Гренландия ҳукумати орол сотилмаслигини маълум қилди

Гренландия сотилмайди, дейилади Дания автоном ҳудуди ҳукуматининг баёнотида. Аввалроқ The Wall Street Journal АҚШ президенти Дональд Трамп Гренландияни сотиб олишга қизиқиш билдирганини хабар қилганди. 

Нашрнинг ёзишича, Трамп ўз маслаҳатчиларидан АҚШ Гренландияни сотиб олиши мумкинлиги ҳақида бир неча маротаба сўраган, оролнинг захиралари ва геосиёсий аҳамияти ҳақидаги муҳокамаларни катта қизиқиш билан тинглаган. Муҳокама қилинаётган масалалар орасида АҚШнинг Арктикадаги иштирокини кенгайтириш имконияти бор. Таъкидланишича, президент Оқ уйнинг ҳуқуқий маслаҳатчисидан лойиҳа экспертизасини ўтказишни сўраган.

"АҚШ билан ҳамкорлигимиз яхши ва биз бу маълумотни мамлакатимизга янада кўпроқ инвестиция киритиш ва биз таклиф этаётган имкониятларга қизиқиш сифатида қабул қиламиз. Гренландия албатта, сотилмайди. Хабар норасмий тусга эга бўлганлиги сабабли Гренландия ҳукумати бошқа изоҳлар бермайди", - дейилади Гренландия ҳукумати баёнотида.

Гренландия – дунёдаги энг катта орол, у ерда 56 минг киши яшайди. Ҳудуд сиёсати ва хавфсизлик масалаларига Дания жавобгар. 

Top