Жаҳон | 09:58 / 16.08.2019
20617
2 дақиқада ўқилади

Трамп дунёдаги энг катта оролни сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда – ОАВ

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп Данияга тегишли бўлган, дунёдаги энг катта орол – Гренландияни сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Wall Street Journal нашри хабар берди. 

Нашрнинг ёзишича, Трамп ўз маслаҳатчиларидан АҚШ Гренландияни сотиб олиши мумкинлиги ҳақида бир неча маротаба сўраган, оролнинг захиралари ва геосиёсий аҳамияти ҳақидаги муҳокамаларни катта қизиқиш билан тинглаган. Муҳокама қилинаётган масалалар орасида АҚШнинг Арктикадаги иштирокини кенгайтириш имконияти бор. Таъкидланишича, президент Оқ уйнинг ҳуқуқий маслаҳатчисидан лойиҳа экспертизасини ўтказишни сўраган.

Трампнинг баъзи маслаҳатчилари режани қўллаб-қувватлаб, унинг иқтисодий томондан мақсадга мувофиқлигини, бошқалари эса гап президентнинг ҳеч қачон амалга ошмайдиган “бир зумлик қизиқиши” ҳақида кетаётганини айтишган. Материал муаллифларининг таъкидлашича, Трамп бу ғояга қанчалик жиддий муносабатдалиги номаълум. 

Май ойида АҚШ давлат котиби Майк Помпео Гренландияга ташриф буюриши керак эди, бироқ Эрон билан муносабатлардаги кескинлашув сабабли сафар бекор қилинган.

Нашрнинг таъкидлашича, бу Вашингтоннинг Гренландияни сотиб олишга биринчи уриниши эмас. Иккинчи жаҳон урушидан кейин президент Гарри Трумэн орол учун Данияга 100 млн доллар таклиф қилган, бироқ рад жавобини олган. Шунингдек, оролни сотиб олиш имкониятини узоқ 1867 йилда АҚШ давлат департаменти ўрганган.

Мавзуга оид