Ўзбекистон | 10:06 / 17.08.2019
11311
7 дақиқада ўқилади

Ҳукумат соғлиқни сақлаш ҳисоблари миллий тизими тўғрисида қарор қабул қилади

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Соғлиқни сақлаш ҳисоблари миллий тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди

Ҳужжат билан қуйидагилар:

соғлиқни сақлаш ҳисоблари миллий тизими тўғрисидаги Низом;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш ҳисоблари миллий тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

соғлиқни сақлаш ҳисоблари бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи эксперт гуруҳи таркиби тасдиқланади.
 
Белгилаб қўйилишича:

Соғлиқни сақлаш ҳисоблари миллий тизимининг (ССҲТ) асосий мақсади фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ молиявий оқимлар ва операцияларнинг мунтазам, ҳар томонлама ва изчил статистик ҳисоби ва мониторингини олиб бориш, соғлиқни сақлаш соҳасида режалаштириш ва асосланган стратегик қарорлар қабул қилишга, шунингдек мажбурий тиббий суғурта дастурлари жорий этилишни қўллаб-қувватлаш учун соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатларни ҳисобга олиш ва далилий базани ташкил этишга йуналтирилган соғлиқни сақлаш муассасаларининг келгуси харажатларини прогноз қилиш ҳамда жаҳон тажрибасида қўлланилаётган воситалардан фойдаланишдан иборат;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат муассасалари, вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ва корхоналарининг тиббий статистик, тиббий-иқтисодий ва молиявий маълумотларини тўплаш ва таҳлил қилиш ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг ССҲТ маълумотларини жамлаш ва умумлаштириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати давлат муассасаларининг тиббий-статистик, тиббий-иқтисодий ва молиявий маълумотлар, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, Божхона Давлат қўмитаси фуқароларнинг саломатлиги билан боғлиқ молиявий оқимлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат корпорациялари ва корхоналари, давлатнинг мақсадли фондлари, фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича дастурларни молиялаштириш, шунингдек, бошқа давлат ташкилотларининг соғлиқни сақлаш ҳисобларига оид молиявий маълумотларини йиғиш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси нодавлат тиббиёт ташкилотлари ва фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича дастурларни молиялаштириш ҳамда нодавлат ташкилотларининг соғлиқни сақлаш ҳисобларига оид молиявий маълумотларини йиғиш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;

соғлиқни сақлаш ҳисоблари бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи эксперт гуруҳи ушбу соҳани мувофиқлаштириш вазифаларини амалга ошириш бўйича фаолият юритувчи ваколатли орган ҳисобланади.
 
Миллий ССҲТни ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органларига қуйидаги вазифалар юклатилади:

соғлиқни сақлаш ҳисобларига оид маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш методология ва технологияларни, шунингдек соғлиқни сақлаш ҳисоблари Халқаро классификациялари, бошқа халқаро классификациялар ва маълумотлар стандартлари ҳамда таҳлил қилиш усулларини маҳаллий шароитга мослаштирувчи норматив-хуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

ССҲТни шакллантириш ва татбиқ этиш чора-тадбирларини амалга оширишда манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

соғлиқни сақлаш муассасалари, фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича молиялаштириш, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг давлат ва идоравий тиббий-статистик, тиббий-иқтисодий ва молиявий ҳисобот шаклларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;

соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат ва нодавлат муассасаларини фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича молиялаштириш ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини  ҳамда молиявий оқимларни мониторинг қилиш бўйича ягона идоралараро тиббий-статистик ахборот тизимини ишлаб чиқиш;

ҳар 3-5 йилда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга йўналтирилган харажатларни ҳамда касалланиш ва ўлим ҳолатларига таъсир этувчи асосий омилларни аниқлаш учун бир неча тадқиқотлардан иборат бўлган аҳоли ва уй-жой хўжаликларига оид тиббий-ижтимоий тадқиқотларнинг базавий сериясини ўтказиш;

соғлиқни сақлаш ҳисоблари маълумотлари асосида тиббий-иқтисодий таҳлил усулларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

ССҲТнинг методологияларини соғлиқни сақлаш бошқарувида қўллаш учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш.
 
Белгиланишича, 2020 йил 1 январидан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси соғлиқни сақлаш ҳисоблари бўйича ўзига тегишли маълумотларни йиғиш ва бирламчи таҳлил қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзига тегишли маълумотларни йиғиш ва бирламчи таҳлил қилиш ҳамда бошқа вазирликларнинг бирламчи таҳлилларини жамлаш, умумлаштириш ва умумий таҳлил қилиш ишларини олиб боради;

давлат ва нодавлат соғлиқни сақлаш муассасаларини молиялаштириш ва бошқа ташкилотлар фаолиятлари, харажатлари ва молиялаштириш бўйича ССҲТнинг ҳисоби ва ҳисоботлар шакллари, соғлиқни сақлаш ҳисобларига оид маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш усуллари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланади;

мулкчилик шаклларидан қатъий назар, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар соғлиқни сақлаш билан боғлиқ тиббий-статистик, тиббий-иқтисодий ва молиявий маълумотларни ваколатли давлат органларига ўрнатилган тартибда топширадилар;

мулкчилик шаклларидан қатъий назар, соғлиқни сақлаш хизматларини кўрсатадиган, молиялаштириш ва тиббий хизматларни кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари тақдим этиладиган тиббий-статистик, тиббий-иқтисодий ва молиявий маълумотларнинг ҳаққонийлигига, уларни йиғиш ва ўз муддатида ваколатли давлат органларига тақдим этишга шахсан жавобгар ҳисобланадилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2020 йил 1 январидан бошлаб Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий статистика ва соғлиқни сақлаш ҳисоблари хизмати бўйича янги штат нормативлари жорий этилади, штат жадвалларига қуйидаги лавозимлар киритилади:

врачлик лавозимлари 25,0 ставкадан ортиқ бўлган даволаш-профилактика муассасаларида ҳамда барча давлат санитария-эпидемиология назорати муассасаларида ташкилий-услубий ишлари, тиббий-статистика ва соғлиқни сақлаш ҳисоблари бўйича раҳбарнинг муовини ҳамда врач статистик ва тиббий статистик (ўрта тиббий ходимлари) лавозимлари;

10,0 ставкадан 25,0 ставкагача врачлик лавозимлари мавжуд бўлган соғлиқни сақлаш муассасаларида врач статистик ҳамда тиббий статистик лавозимлари;

бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий статистик лавозимлари.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда 2021 йил 1 январидан бошлаб, ҳар йили тиббий-ижтимоий тадқиқотларнинг базавий сериясини ўтказилиши таъминланади.
 
Тиббий статистика ва соғлиқни сақлаш ҳисоблари хизматини малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида тиббий статистика ва миллий ССҲТни ривожлантириш дастурларини амалга оширишда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни таъминлаш учун Тошкент врачлар малакасини ошириш институти қошида режали бюджет маблағлари доирасида доимий равишда малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид