Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўяётгани аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида низом» талаблари асосида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун ажратилган маблағларни мақсадли сарфланиши юзасидан назорат ишлари олиб борилмоқда.
Вазирлик хабарига кўра, жойларда жамоат ишларини ташкил этишда айрим Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ажратилган маблағларни мақсадли сарфланишида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Мисол учун, Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани АБКМ томонидан Жамғармадан жамоат ишлари учун ажратилган 73 млн. сўм миқдоридаги маблағлар асоссиз сарфлаб юборилган, жумладан:
«Шўрчи уй-жой мулкдорлари» ширкати раиси Низом талабларига зид равишда 30 нафар фуқароларнинг паспорт нусхаларини олиб, улар билан меҳнат шартномаси тузмасдан жамоат ишларига жалб қилинганлиги ва 2018 йилнинг апрель-июнь ойларида жамоат ишларида ишлаганликлари тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштирган. Шўрчи туман АБКМга тақдим этилган ушбу сохта ҳужжатлар ва буюртманомага асосан ширкатнинг ҳисобрақамига ўтказилган 38,7 млн. сўм Жамғарма маблағлари банк томонидан ширкатнинг банкдан олган кредитини қоплашга йўналтирилган. Ширкат томонидан тақдим этилган иш ҳақи ҳисоблаш табелларида номлари қайд этилган 30 нафар фуқаро уй-жой ширкатида умуман ишламаганлигини ва ойлик иш ҳақлари олмаганлигини маълум қилишган.
Бундан ташқари, ушбу ширкат раиси «House building» МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда Низом талабларига зид равишда юқорида қайд қилинган 30 нафар фуқаро улар билан меҳнат шартномаси тузмасдан уларни 2018 йил август-сентябрь ойларида жамоат ишларига жалб қилинганлиги ҳақида яна сохта ҳужжатлар расмийлаштирган.
Ушбу расмийлаштирилган сохта ҳужжатларга асосан АБКМ томонидан 27,6 млн. сўм миқдоридаги Жамғарма маблағи «House building» МЧЖга ўтказиб берилган.
«House building» МЧЖ томонидан ушбу ўтказилган маблағдан ширкат раисининг пластик картасига 8,7 млн. сўм ва ширкат ҳисобчисининг пластик картасига 16,4 млн. сўм ўтказиб берилган.
Назорат тадбири натижасида маблағларнинг ноқонуний сарфланиши аниқланган ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Мавзуга оид
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024