Жамият | 20:51 / 22.08.2019
8627
21 дақиқада ўқилади

Жамият амалий филологик тадқиқотларга нечоғлик муҳтож?

«Ma’rifat» газетасининг 2015 йил 10 октябрь сонида «Амалий филология истиқболлари ва унинг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун ижросига уйғунлиги» номли мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолада филология илмида долзарб бўлиб турган муаммолардан бири муштарийлар эътиборига тақдим этилган. Унда амалий филология соҳаси ривожланиши жамият ҳаёти заруратидан келиб чиқаётгани таъкидланган. Орадан тўрт йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, муаммонинг аҳамиятлилиги ортган бўлса ортганки, камайган деб бўлмайди. Шу эътибордан Kun.uz муаллиф рухсатига асосан мазкур мақолани жузъий қисқартиришлар билан қайта эълон қилмоқда.

Ўзбек тилидан амалий фойдаланиш самарадорлиги вазифалари

Жамият тараққиётининг маълум бир палласида ҳар бир фан бўйича таълимнинг қайси босқичида нимани, нима мақсадда ва қай йўсинда ўқитиш масаласи умуммиллий муаммо даражасига кўтарилади. Натижада муаммо ечимига жамоатчилик диққат-эътибори қаратилади, тегишли соҳа илмий салоҳияти бу муаммо ечимига йўналтирилади. Таълим мақсади белгиланиб, таълим мазмуни тайёрланади, шунга мувофиқ таълим усули ишлаб чиқилади. 

Ўтган асрнинг 90-йилларига келиб мавжуд она тили таълимининг яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, уни тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, таълим мақсади, мазмуни ва усулини янгилаш зарурати аён бўлиб қолган эди.

Янги давр билимли шахсгагина эмас, балки билим олиш йўлларини пухта ўзлаштирган, мустақил идрок қилиш кўникмасига эга бўлган онгли фуқарога эҳтиёж сезди. Янги давр талаблари асосида таълимда ижодий тафаккурни ривожлантиришга хизмат қилувчи усулларга устуворлик берилишига қарамасдан, тил қурилиши ҳақида кўп ҳолларда амалий татбиқдан йироқ, кам самарали лингвистик билимлар беришдан иборат эски ва чайир анъана ҳануз сақланиб қолмоқда.

Муболағасиз равишда айтиш мумкинки, бугунги кунда бошланғич синфларда дейсизми, таянч синфлар ёки академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида дейсизми, тил қурилиши бўйича бериладиган билимлар ҳиссаси она тилидан амалий фойдаланиш компетенциясидан анча устунлик қилади. Аҳвол шу даражага етдики, чуқурроқ эътибор берилса, она тили таълими мақсади ижодий тафаккур соҳиби ва тил имкониятини эгаллаган шахсни тарбиялаш эмас, балки тилшунос олимни етиштиришга ўхшаб қолди.

Янги асрда жамиятнинг барча соҳаларини шиддат билан қамраб олаётган глобаллашув жараёни дунё миқёсида тилшуносликнинг ҳам, тил таълимининг ҳам зиммасига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Давр тилдан амалий фойдаланиш самарадорлигини фаннинг ҳам, таълимнинг ҳам асосий вазифасига айлантириб қўйди. Натижада дунё фанида тилнинг ички қурилишини тавсифлайдиган қуруқ назариябозликдан тил ва шахс муштараклиги масаласи билан шуғулланадиган амалий йўналишларига ўтиш тўлқини куч олмоқда. 

Тил таълими ҳам амалий характер касб этиб, умуман олганда, филология ва тил ўқитиш соҳасида таълим олувчиларнинг муайян нутқий вазият, шароит ва маданий муҳитда тилдан оқилона, самарали фойдаланиш компетенциясини ривожлантириш ва унинг филологик таъминотини вужудга келтириш масаласи билан шуғулланиши ечимини мутлақо кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифага айланди.             

Филология ва унинг турлари

Филология фан соҳаси сифатида тил ва адабиёт билан боғлиқ назарий, таълимий ва амалий масалалар билан шуғулланади. Дунё миқёсида филологиянинг бир неча тури мавжуд бўлиб, ҳар бир филологик фаолият тури ижтимоий ҳаётдаги тегишли муаммолар билан боғлиқ ўзига хос мақсад ва вазифаларга эга.

Назарий филологик фаолият тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича фундаментал билимларни эгаллаш асосида илмий тадқиқотлар олиб бориш, мавжуд назарий филологик концепциялар ва алоҳида лисоний, адабий ҳодиса ва жараёнлар, турли шаклдаги матнларни турли назарий ҳукм ва хулосалар чиқариш учун таҳлил ва талқин қилиш, умумлаштириш, тегишли илмий маълумотларни тўплаш, олиб бораётган тадқиқот бўйича аннотация, реферат тайёрлаш, библиография тузиш, мавзу ва соҳа бўйича илмий мунозара, ҳимоя ва муҳокамаларда иштирок этиш, ахборот ва маърузалар билан чиқиш қилиш, илмий хулосаларни оғзаки, ёзма ва виртуал тартибда (ахборот тармоқларига) тақдим этиш кабиларни ўз ичига олиб, бу вазифалар ватанимиз филология соҳасининг бош назарий йўналиши доирасида бирлашади ҳамда, асосан, амалий татбиқ босқичигача бўлган фаолият ҳисобланади. 

Таълимий филологик фаолиятда илмий-тадқиқот фаолияти натижаларига таяниб, олий, умумтаълим ва касбий таълим муассасаларида тил ва адабиёт бўйича ўқув машғулотлари ва синфдан ташқари ишларни бажариш, тегишли методика асосида она тили ва адабиёт бўйича машғулотлар ва синфдан ташқари ишлар учун ўқув-методик материаллар тайёрлаш, филологик билимларни ва ўқувчилар билан олиб бориладиган тарбиявий ишларни оммалаштириш ва тарқатиш билан шуғулланилади. 

Мамлакатимиздаги бу икки филологик фаолият тури натижаларини бемалол ривожланган давлатлар илми ва таълими самарадорлиги даражасида дейиш мумкин.

Шунингдек, бугунги кунда ривожланган давлатларда филологик фаолиятнинг учинчи бир соҳаси – амалий филологик фаолият тури ҳам шаклланиб улгурди ва жадал ривожланмоқда. Амалий филологик фаолият тури бўйича мутахассис кадрлар тайёрланмоқда, кўплаб амалий лингвистик тадқиқотлар бажарилмоқда. 

Назаримизда, республикамиз иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий-маърифий соҳаларидаги юксалиш, ахборот-коммуникация технологияларининг тез ривожланаётганлиги бизда ҳам амалий филологик таълим ва фаолиятни, бу борада истиқболли ва мақсадли илмий тадқиқотлар амалга оширилишини расман йўлга қўйиш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш ўта долзарб вазифалардан. 

Амалий филологик фаолият – ижтимоий зарурат 

Амалий филологик таълимни йўлга қўйиш, амалий филологик фаолият олиб бориш ва бунга доир тегишли тадқиқот ишларини амалга ошириш эҳтиёжи ижтимоий ҳаётимизда анча илгари вужудга келган эди. Бунга доир айрим далилларни келтирамиз.

1-воқеа. Кўп йиллар илгари инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман идорасидан мен ўша вақтларда мудирлик қилаётган кафедрага бир шикоятда кўрсатилган масалага тилшунос эксперт сифатида муносабат билдириши сўралган мурожаат хати келиб тушди. Унда шикоятчи янги паспорт олганлиги, паспортнинг тегишли бўлимида унинг миллати «бошқирд» деб ёзилганлиги, лекин у башкир миллатига мансуб эканлигини айтиб, башкир сўзининг ўзбек тилида бошқирд деб ёзилишига изоҳ беришни сўраган эди. 

Бир қарашда рус тилидаги башкир сўзининг ўзбек тилида бошқирд шаклида берилишини изоҳлаш жўнгина туюлса-да, шугина муаммо ечими учун ҳам анча тер тўкишга тўғри келган эди. Бунда қуйидагиларга эътибор берилиши лозим эди:

биринчидан, манбалардан сўзнинг генезиси, этимологияси, бошқа тилларга ўзлашиши, ўзлаштирган тилнинг талаффуз ва имло имконият ҳамда хусусиятларини ўрганиш, асослаш ва муайян хулосаларга келиш;

иккинчидан, хулосаларни илмий йўсинда эмас, балки расмий-идоравий услубда қисқа, аниқ ва тушунарли, мантиқли баён қилиш;

учинчидан, хулоса бериш учун лингвистик экспертиза бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлиш. 

Масаланинг учинчи жиҳати мен учун қийин бўлиб, лингвистик экспертиза бўйича маълумотга эга эмас эдим. Натижада махсус изланишга тўғри келди ва дунё миқёсида лингвистик экспертиза тилшуносликнинг муҳим ҳаётий тармоғи бўлган юрислингвистиканинг ўзаги сифатида катта ютуқларни қўлга киритганини ва амалиётда суд-экспертиза соҳасининг муҳим таркибий қисмига айланиб улгурганини, бу борада улкан амалий тадқиқотлар бажарилганлиги ва таълимда тегишли йўналиш ва мутахассисликлар учун кўплаб ўқув адабиётлари яратилганлигини кўриб, бу соҳани мамлакатимизда ҳам йўлга қўйиш ва ривожлантириш зарурлиги ҳақидаги фикрга келган эдим. 

2-воқеа. Ҳамкасбларимиздан бири ўзи гувоҳ бўлган қуйидаги воқеани айтиб берган эди. Олим ишлайдиган Ўзбек тилшунослиги кафедрасига бир киши келиб, ўзини терговчи деб таништиради ва бир масалада ёрдам беришларини сўрайди. Маълум бўлишича, ўз жонига қасд қилган бир киши хат қолдирган бўлиб, унда ҳаётдан ўз хоҳиши билан кетаётгани, бунда ҳеч кимни айбламаслиги айтилган. Терговчига шу хат борасида лингвистик хулоса зарур экан. Хатни марҳум ўз қўли билан ёзгани аниқ, бироқ у ўз ҳоҳиши билан ёзганми, биров мажбурлаганми, ёзиш жараёнида унинг руҳий ҳолати қандай бўлган – ана шуларни ойдинлаштирмоқчи экан.

Шунда ҳамкасбим бундай саволларга жавоб бериш имкони йўқлиги, у билан тилшунослик шуғулланмаслигини айтади. Терговчи эса ўзининг Москвада таҳсил олганини ва амалиёт чоғида шунга ўхшаш муаммолар билан мутахассислар Москва давлат университетининг филология факультетига тез-тез мурожаат қилишларига гувоҳ бўлганини, факультет талабаларига «Суд лингвистикаси» фани махсус ўқитилиши, бундай кадрларга эҳтиёж катталиги ва маошлари ҳам юқори эканини айтади.

3-воқеа. Бир вақтлар Ғарб мамлакатларида бажарилган илмий тадқиқот ишлари билан танишишга тўғри келганда, «Товар ёрлиқларида ҳарф шаклларининг инсон психикасига таъсири», «Ташқи рекламаларда визуал урғу», «Фалон темпераментли шахснинг нутқи» каби мавзуларда докторлик диссертациялари ҳимоя қилинганлиги, улар тегишли корхоналар томонидан анча яхши молияланганлигини билиб, бизда ҳам шундай ишларни бажариш вақти келганлиги ҳақидаги фикрга келган эдим.

Магистрларга шу йўналишдаги мавзуларни режалаштирганимда, улар кенгаш томонидан «тор», «назарий жиҳати йўқ», «жиддий мавзулар эмас» деган айблар билан инкор қилинган эди. Лекин кўп ўтмай инкор этувчилар тарафида турган бир ҳамкасбимизнинг матбуотда жамоат транспортларидаги «ЛИЦЕНЗИЯСИЗ йўловчиларни ташиш тақиқланади» лавҳасидаги лицензия сўзи бутунича бош ҳарфларда берилганда «лицензиясиз йўловчи» маъносини англатмаслиги ҳақидаги чиқиши амалий тадқиқотнинг ёрқин намунаси эди.

Кундалик ҳаётда тилнинг амалий қўлланилиши билан боғлиқ кўплаб ишларни бажаришимизга тўғри келган. Турли ҳужжатларни тайёрлаш, матнлар таҳрири, луғат ва қомуслар тузиш ёки уларга муносабат билдириш ва ҳ. Бу ишларнинг бирортаси бўйича махсус маълумотимиз йўқ ва уларни бажаришда ҳаётий тажрибамиз асосида иш кўриб келамиз. Масалан, матн таҳрири бўйича махсус дастурлашган маълумотга эга бўлмаган анъанавий филологлар таҳрир ишларини амалга оширадилар, лекин эҳтиёжманд кишига бу бўйича тизимли ва умумий моҳиятли маслаҳат беришда қийналишади.

Тайёрланаётган филологларимиз луғат ва қомуслар тузиш ёки уларнинг электрон кўринишларини тайёрлаш бўйича ҳеч қандай амалий маълумотларга эга бўлмагани ҳолда (тайёрланаётган мавжуд йўналиш ва мутахассисликлардан буни талаб қилиш ҳам тўғри эмас) бугунги кунда китоб расталарини сон-саноғи йўқ сифатсиз луғат ва қомуслар, сўзликлар босиб кетаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ҳозир бизда истаган киши луғат тузиши ва бундан истиҳола қилмаслиги мумкин, бу луғатчилик амалий филологиянинг пешқадам соҳаси сифатида расман мутлақо йўлга қўйилмаганлиги, олий филологик таълим таркибида луғатчилик таълими йўқлиги билан боғлиқ.

Ижтимоий ҳаётимизда амалий филологик фаолият билан шуғулланувчи кадрларга кучли эҳтиёж мавжудлиги юқорида умумий тарзда айтилди. Дейлик, тил далилларини илғор методлар ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда йиғиш ва ишлов бериш (қайта ишлаш, сақлаш, тузатиш, таҳлил қилиш, шарҳлаш ва умумлаштириш), самарали методика ва меъёрлар асосида турли хилдаги матнларни яратиш (оғзаки чиқиш, умумий маълумот, аннотация, реферат, мухтасар баён, ҳисобот, расмий иш, публицистик, реклама матнларини тайёрлаш), корхона, ташкилот ва муассасаларда расмий идора ҳужжатлари билан ишлаш, турли шакл ва типдаги матнларни қайта ишлаш ва уларга ишлов бериш (текшириш, тузатиш (корректировка, таҳрир), тушунтириш, баён қилиш, системалаштириш, умумлаштириш, реферат тузиш), шарҳлар тайёрлаш, энциклопедия ва луғатлар тузиш, лисоний ва адабий маълумотномаларни яратиш, даврий нашрларни тайёрлаш, адабий-танқидий жараёнга доир архив материалларини тавсифлаш ва уларга ишлов беришда қатнашиш, турли типдаги (асосан илмий ва публицистик) матн ва ҳужжатларни чет тиллардан ва чет тилларга таржима қилиш, ҳужжатлар, илмий ва бадиий материалларнинг чет тиллардаги реферат ва аннотацияларини тузиш, оммавий ва шахслараро ағзаки, ёзма ва виртуал мулоқотни, шу жумладан, маданиятлараро, миллатлараро ва халқаро лингвомаданий алоқаларни амалга ошириш сифатига бўлаётган ижтимоий эҳтиёж махсус амалий филологик компетенцияга эга кадрларни тайёрлашни тақозо қилади.

Амалий филологик компетенция таркибига кирувчи бу вазифаларни мақсади ва йўналиши бошқа бўлган назарий ёки таълимий филологик фаолиятга йўналтирилган кадрлардан талаб қилиш ихтисослашув кучайган бугунги замонда тўғри эмас.

Амалий филологик фаолият тури тизимли амалий филология бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадли таълимини йўлга қўйиш асосида шакллантирилади. Бунда ҳам таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлиги тамойили етакчилик қилади – ҳар бир таълим босқичи олдига қўйилган талаблар асосида таълим мақсади, мазмуни ва усуллари тизими шакллантирилади.

Амалий филология бакалаврининг профессионал компетенцияси  

Амалий филология бакалавридан, филологиянинг барча тури учун муштарак бўлган умумфилологик компетенция билан бирга, хусусий малака ва кўникмаларга эга бўлиши талаб этилади. Уларда амалдаги меъёр ва методлар асосида турли хилдаги матнларни яратиш маҳорати шаклланади. Шунингдек, турли типдаги матнларни қайта ишлаш, уларга ишлов бериш, масалан, тузатиш, таҳлил ва таҳрир қилиш, шарҳлаш, аннотациялаш, рефератлаштириш, тавсифлаш каби амаллар профессионал компетенциянинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Айниқса, миллатлараро интеграция жараёни кучаяётган бир шароитда турли типдаги, яъни расмий, илмий, бадиий ва публицистик матн ҳамда ҳужжатларни бошқа тиллардан она тилига, она тилидан бошқа тилларга сифатли таржима қилиш профессионал уқув ва малакани талаб қилади. Матнларнинг мукаммал лингвистик экспертизаси эса суд-экспертиза иши сифати ошишига кўмаклашади. 

Амалий филология бакалаврининг, шу билан бирга, таълимий, илмий маданий-оқартув ташкилотлари, ижтимоий-педагогик, ижтимоий-ташкилий идоралар, босмахоналар, жамоавий ва алоқа соҳаларига доир турли типдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш каби амалиётларда намоён бўладиган профессионал билим, кўникма ва малакаларга эга бўлиши давр талабидир. 

Амалий филология бакалаврида профессонал компетенцияни шакллантириш учун ихтисослик фанлари таркибида, умумфилологик фанлар билан биргаликда, соф амалий мақсад ва мазмундаги «Матн таҳрири», «Коммуникация асослари», «Расмий ҳужжатлар тилининг амалий масалалари», «Лингвистик экспертиза», «Каллиграфияшунослик асослари», «Матн устида ишлашнинг филологик асослари», «Касбий фаолиятнинг ахборот технологиялари», «Касбий коммуникациянинг филологик таъминоти», «Амалий лексикография», «Тил корпуси» каби ўқув курсларининг жорий этилиши мақсадга мувофиқ.

Бунда, шунингдек, «Информатика» курси, анъанадагидан фарқли равишда, ахборот олиш ва узатишнинг инновацион технологиялари мазмунида бўлмоғи лозим. Нутқ ҳосил қилиш назарияси сифатидаги «Психолингвистика» курси амалий характер касб этиши ва «Нутқ психологияси» шакли ва мазмунида бўлиши зарур.

Амалий филология йўналиши битирувчиларнинг бозор талабларига мослашувини инобатга олиб, уларда қўшимча назарий ва таълимий филологик компетенцияларни шакллантириш ҳам кўзда тутилади.

Амалий филология магистри 

Амалий филология мутахассислиги соҳа бўйича малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлайди ва бўлажак тадқиқотчиларда илмий изланиш компетенциясига урғу берилади. Шу боисдан уларнинг ихтисослик бўйича профессионал компетенцияси амалий филологияга доир янги илмий натижалар, илмий адабиёт ёки илмий-тадқиқот лойиҳаларини таҳлил қилиш, соҳадаги фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқот ишларини олиб бориш, шу хил тадқиқот ишлари методологиясини аниқлаш, танлаш, эгаллаш ва ишлаб чиқа олиш, амалий филологиянинг амалий ва назарий масалаларини ечиш учун «ишлайдиган» илмий хулоса ва тавсиялар бериш, ахборот технологияларидан унумли ва самарали фойдаланиш, соҳага оид давр талабларидан келиб чиқаётган муаммоларнинг назарий ва амалий ечимларини белгилаш, бажараётган тадқиқотлари мавзуси бўйича илмий шарҳларни ишлаб чиқиш билим, кўникма ва малакалар марказий ўринни эгаллайди.

Амалий муаммоларнинг назарий асосларини ўрганиш, уларнинг муайян соҳалардаги аниқ ечимини яратиш учун илмий-тадқиқот муассасалари, вазирлик ва идоралар, илмий ва маслаҳат марказларида фаолият олиб бориш, илмий семинар, илмий-техникавий конференцияларда иштирок этиш, тегишли муаммолар доирасида илмий манбаларни яратиш кабиларда намоён бўлади. 

Амалий филология магистри ихтисослик компетенцияси эса амалий филология масалалари юзасидан, бирламчи манбаларга суянган ҳолда, инновацион ва фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, соҳанинг назарий ва амалий муаммоларини билиш, давр учун долзарб, ҳали ишланмаган мавзуларни аниқлай олиш малакасига эга бўлиш, илмий-тадқиқотларни бажариш ва янги илмий ҳамда амалий натижаларни олиш қобилиятига эга бўлиш, замонавий тадқиқот методлари ва методологиясини, турли тадқиқот методлари ва методологияларининг қиёсий тавсифини, ҳозирги замон амалий филологиясига доир назарий қарашларни ўзлаштириш, етакчи концепциялар, илғор назариётчиларнинг асарларидан фойдаланиш, ечилаётган илмий муаммо ва топшириқларнинг концептуал ва назарий моделларини ишлаб чиқиш қобилиятига эга бўлиш каби билим, кўникма ва малакаларини ўз ичига олади. 

Амалий филология мутахассислиги таълими, бакалавриат босқичининг узвий давоми сифатида, унда ҳосил қилинадиган компетенцияни ихтисослашган назарий кўникма ва малакалар билан бойитади. Шу боисдан мутахассислик ўқув предметлари таркибида «Матн назарияси», «Дискурсология», «Коммуникация назарияси», «Девонхона хизмати», «Суд лингвистикаси», «Жаҳон лексикографияси», «Нейролингвистика», «Корпус лингвистикаси», «Расмий мулоқот этикасининг лингвистик асослари» сингари курсларнинг бўлиши мақсадга мувофиқ.

Амалий филологик тадқиқотлар

Бугунги кунда тилшунослик бўйича аксарият тадқиқотларнинг умрини ўтаб бўлган талаб ва мезонлар асосида бажарилиши, тадқиқот хулосаларининг зарурий самарадан холилиги, «тил ўзида», «тил тил учун», «тадқиқотлар тилшунослик учун» ёки ғарбга тақлид кўринишидаги «замонавий» тамойилларнинг чайир иллат сифатида илдиз отганлиги, тилшуносликда ижтимоий ҳаётдаги ечимини кутаётган муаммоларни кўра олмаслик фаннинг ҳаётдан, жонли амалиётдан узилиб қолишига олиб келди.

Бу айрим ҳолларда ўзбек тилшунослиги мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишларига дахлдор эмасдек тасаввурлар вужудга келишига сабаб бўлди.

Ҳолбуки, миллий тараққиёт маънавий юксалиш демакдир, маънавий юксалиш эса тил билан баравар юз беради ва ундан ажралган бўлиши мумкин эмас.

Амалга оширилган тадқиқотларда аллақачон ечилган муаммоларнинг жузъий қирраларига «долзарблик» тусини беришдан тилшуносликнинг ижтимоий тараққиётга тўсиқ бўлаётган муаммоларини аниқлаш, уларни комплекс ҳал қилишга ўтиш, давлатнинг фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар учун ажратаётган молиявий маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бу эса амалий филология бўйича малакали мутахассислар тайёрлашни, амалий филологик тадқиқ ишларини кучайтиришни тақозо қилади.

Тил эгаларининг лисоний имкониятлардан прагматик фойдаланиш самарадорлиги масалалари билан шуғулладиган ўзбек амалий тилшунослигининг миллий характердаги социолингвистика, этнолингвистика, психолингвистика, прагмалингвистика, лингвокогнитология, лингвокультурология, нейролингвистика, компьютер лингвистикаси, корпус лингвистикаси, суд лингвистикаси каби замонавий фан йўналишлари ривожланиши ижтимоий тараққиёт талаблари билан уйғун. Айниқса, ахборот технологиялари ва глобаллашув асрида ўзбек тилининг глобал тил корпусларига қўшилувини таъминлаш тарихий зарурат сифатида намоён бўлмоқда.

Бахтиёр Менглиев,
филология фанлари доктори, профессор.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид