Жиззахда Lacetti’ни ўғирлаб қочган шахс ушланди
Шу йилнинг 12 август куни соат 12:15 ларда Жиззах шаҳар ИИОФМБга мурожаат қилган «Оққўрғонлиқ» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Юсупов Жасур ўз аризасида «Ҳалқаобод» маҳалласи ҳудудида «Lacetti» автомашинасини номаълум шахс ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан тўсиб ушлаш тадбири эълон қилиниб, орадан 3 соат вақт ўтиб, автомашина топилган, деб маълумот бермоқда Kun.uz’га вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи.
«Олиб борилган тезкор суриштирув ишларида ушбу жиноятни Фориш тумани «Боғдон» маҳалласида истиқомат қилувчи, вақтинча ишсиз В.Қ. содир этганлиги аниқланиб, Жиззах шаҳар «Улуғбек» маҳалласи ҳудудидаги «Жиззах-Тошкент» йўналишида қатновчи автошоҳбекатдан Тошкент шаҳрига кетиш вақтида ушланган ва Жиззах шаҳар ИИОФМБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган», — дейди ИИБ ЙҲХБ йўл ҳаракати доирасидаги қонунбузилишлар билан курашиш бўлими инспектори Шерзод Шамсиев.
Халқимизда сўнгги пушаймон — ўзингга душман, деган нақл бор. Бироқ В.Қ. биринчи маротаба ҳам, иккинчи маротаба ҳам жиноят содир этиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, аксинча, учинчи маротаба яна жиноят йўлини танлагани кишини ўйлантиради.
Айни пайтда В.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 267-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.