Ўзбекистон | 20:50 / 23.08.2019
8512
2 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов «снос» масаласини ҳал этишда сенаторларни ҳамкорликка чақирди

Сенатнинг 21-ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастури ижроси юзасидан ҳисобот берди. Ўз чиқишида Абдуҳакимов яқин кунларда кенг муҳокамага сабаб бўлган «снос» масаласига тўхталиб ўтди.

«Сўнгги пайтларда кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган масала уй-жойларнинг бузилишидир. Хоразм вилояти Урганч шаҳри, Фарғона вилояти Риштон тумани, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани, Сирдарё вилояти Ширин шаҳри, Тошкент вилояти Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларида, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида уй-жой бузилиши юзасидан аҳоли орасида кескин норозиликлар келиб чиқди.

Натижада, бу борада 2019 йил 3 августдаги Президент Фармойиши асосида фуқароларнинг мулк ҳуқуқи сўзсиз таъминланиши юзасидан қўшимча чоралар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 5 августидан бошлаб фуқароларнинг ер участкасини олиб қўйиш ва кўчмас мулк объектларини бузишда 3 босқичли иш тартиби жорий этилди.

Бунда жараёнда қонунийликни таъминлаш, ҳар бир ҳолат устидан ҳукумат ҳамда бевосита Бош вазир назоратини ўрнатиш мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишни назарда тутади. Бу каби муаммоларни ҳал қилиш, уй-жой бузилишида фуқароларнинг норизолигига сабаб бўладиган салбий ҳолатларга йўл қўймаслик масаласида сенаторлар билан биргаликда ҳаракат қилишимиз, керакли чораларни кўришимиз зарур, деб ҳисоблайман», ─ дея Бош вазир ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид