Ўзбекистон | 21:40 / 24.08.2019
68000
3 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов: «Ҳозир Амирликларда Афғонистоннинг миллиард-миллиард пули юрибди. Улар жон деб биз билан ишлашга тайёр»

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Сенат ялпи мажлисида парламентга ҳисобот берди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ҳисоботдан сўнг сенаторлар Комиловдан Мозори Шариф – Ҳирот темир йўл магистрали қурилиши бўйича маълумот беришни сўрашди.

«Бу – жуда муҳим савол. Сиз эслаб ўтган лойиҳа 2035 йилгача мўлжалланган транспорт-коммуникацияларни ривожлантириш стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири. Нима учун?

Иқтисодий хавфсизлигимиз нуқтаи назаридан биз мана шу транспорт-коммуникацияларни турли йўналишларда диверсификация қилишимиз керак. Бу нима дегани? Яъни турли муқобил йўналишларни топишимиз керак. Агар бир йўналишда бизда қандайдир муаммо чиқиб қолса, бизда қўшимча бошқа йўналишлар бўлиши керак.

Ҳозир Ҳайратондан Мозори Шарифгача йўлни мустаҳкам қилиб, Мозори Шарифдан Ҳиротгача, кейин келажакда Ҳиротдан Эронгача олиб бориш режалаштирилган. Яъни Эрон орқали денгизларга чиқиш мумкин. Президентимизнинг бу ташаббусини халқаро майдонда қизғин қўллаб-қувватлашяпти.

Иккинчи йўналиш: Мозори Шариф – Кобул – Пешовар – Покистон. Яъни Покистон орқали катта бозорга чиқамиз.

Бундан ташқари, ҳозир Қозоғистон билан янги йўлларни бир-бирига уладик. Туркманистон билан транспорт-коммуникациялар ривожланяпти. Қирғизистон билан келишдик, Хитой билан келишдик. Бу лойиҳани Россия ҳам қўллаб-қувватлаяпти. Яъни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон йўлаги. Тожикистон орқали ҳам Хитойга чиқиш коридорлари бор.

Бу бизга нима учун керак? Биринчидан, иқтисодий хавфсизлигимиз учун. Иккинчидан, ёнимизда турган катта бозорлардан фойдаланишимиз керак. Агар ўзимиз учун мана шу бозорларни очсак...

Афғонистонда Худо хоҳласа тинчлик бўлса, афғонларга ҳамма нарса керак. Мих, макарон кабилардан бошлаб пахтагача. Жуда катта бозор. Афғонистон ишбилармонларининг пуллари, молиявий имкониятлари жуда катта. Ҳозир Амирликда (БАА назарда тутилмоқда – таҳр.) Афғонистоннинг миллиард-миллиард пули юрибди. Улар жон деб биз билан ишлашга тайёрликларини билдиришяпти.

Албатта, Россия – биз учун энг катта бозор. Лекин биз ўзимиз учун бунга қўшимча Афғонистон бозорини очсак, Покистон бозорини очсак, жуда катта аҳолига эга Ҳиндистонни, Хитойни очсак... Етиб ортади бу. Маҳсулотларимиз учун мана шу бозорлар етиб ортади.

Албатта, бошқа бозорлар ҳам бизга керак. Европа, Америка... Улар биринчидан узоқ, иккинчидан у ерларда технология жуда ривожланиб кетган. Очиқ айтиш керак, уларга тенг бўлиш қийин.

Шу ерда қўшниларимизнинг бозорини очсак 50 йил давомида бошқа ҳеч нарса керак бўлмайди. Чиқарган маҳсулотларимизнинг ҳаммаси уларга керак. Ҳаммасини ўрганиб чиқдик. Нима чиқса, ҳаммасини оламиз, дейишяпти.

Учинчидан, мана шу йўлларни очсак, транзит харажати анча камаяди. Тўғри чиқамиз – Жанубий Осиёга борамиз, денгизларга чиқамиз», – деб жавоб қилди ташқи ишлар вазири.

Мавзуга оид