Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Термизда «Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳасида» археологик-туризм форуми иш бошлади
Бугун, 24 август куни Термиз шаҳрида “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳасида” археология-туризм форуми иш бошлади. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Хофстра университетининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё дастури директори профессор А. Наймарк (Нью-Йорк, АҚШ), ЎзР ФА Санъатшунослик институти директори Ш. Пидаев, Жешуа университети қадимги тарих ва шарқшунослик департаменти раҳбари М. Ольбрихт (Польша) сўзга чиқишди.
Бош вазир ўринбосари Мазкур форумни ўтказиш ташаббуси шахсан Президент Шавкат Мирзиёевга тегишли эканини таъкидлади.
“Сурхондарёдаги археологик тадқиқотлар Марказий Осиё минтақаси тарихига оид янгидан янги тафсилотларни юзага чиқаришда давом этмоқда. Энг сўнгги ноёб кашфиётлардан бири айни дамда Кампиртепа номини олган шаҳарчада жойлашган машҳур Окс Александриясидир. Бу чин маънодаги сенсацион кашфиёт қадимий шаҳарчани дунёнинг энг эллинистик марказлари даражасига юксалтиради. Эллинистик Окс Александрияси, Фаёзтепа ва Қоратепа шаҳарчалари, ажойиб Термиз археология музейи, Кушонлар хазинаси – буларнинг бари тарихимизнинг ёрқин саҳифалари, бизнинг кунларгача сақланиб қолган ноёб артефактлар бунинг яққол мисолидир. Тарихни оммалаштириш нафақат илм-фан, балки туризмни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Турли тарихий даврларга доир маълумотларни тарқатиш орқали биз ўтмишдан сақланиб қолган ёдгорликларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратишимиз мумкин”, - деди Азиз Абдуҳакимов.
Форум доирасида “Кушон мероси” видеоролиги тақдимоти ўтказилди. Шундан сўнг “Қадимги давр билан мулоқот маданий тараққиёти омили сифатида”, “Эллинизм даври: Шарқ ва Ғарбнинг Осиё юрагида учрашуви”, “Кушон салтанати: антик цивилизацининг буюклиги” шўъба йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда дунёнинг таниқли археолог ва тарихчилари ўз маърузалари билан қатнашди.

Маълумки, бугунга қадар Ўзбекистон ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликларнинг ягона каталоги бўлмаган ва бу нафақат уларнинг тўлиқ ҳисоби билан боғлиқ вазифани қийинлаштиради, балки Ўзбекистон моддий меросини асраш ва ўрганишда ҳам муайян муаммоларни юзага келтиради. Форум доирасида “Ўзбекистон археологик ёдгорликлари каталоги” ҳамда “Ўзбекистон тарих ва маданияти археологик ёдгорликлари каталоги” тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу янги лойиҳа соҳадаги билимларни тизимлаштиришда муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, “Маданий мерос ҳафталиги” иштирокчи ва меҳмонлари кун давомида Термиз археология музейи экспозициясини кўздан кечиришади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, ЎзЭОАВМА, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур форум мамлакатда археологияни ривожлантириш йўлида хизмат қилиши ҳамда жаҳон илм-фанини янги кашфиётлар ва тадқиқотлар билан бойитиши шубҳасиз, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш қўмитаси.
Мавзуга оид
13:26 / 14.07.2026
Урушлар, оғир қарз юклари, валюталар заифлашуви, тенгсизлик ва азоб – Гутерриш бугунги дунё ҳақида нутқ сўзлади
10:25 / 14.07.2026
Ўзбекистонликлар учун визасиз давлатлар сони кўпайиши мумкин
12:35 / 09.07.2026
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари 10 та глобал ташаббусни илгари сурди
18:20 / 04.07.2026