Жаҳон | 19:13 / 24.08.2019
21320
2 дақиқада ўқилади

Еврокенгаш раиси G7 саммитига Россия ўрнига Украинани чақиришни таклиф этди

Фото: Christian Hartmann / Reuters

Европа кенгаши раиси Дональд Туск кейинги G7 саммитига Россия ўрнига Украинани чақиришни таклиф этди. У бу ҳақда Биаррицдаги «Катта еттилик» саммити очилишида айтди, деб хабар беради Bloomberg.

У АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россияни бу норасмий бирлашмага қайтариш таклифи тўғрисида эслатди. Тускнинг қайд этишича, Трамп «Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишини» очиқчасига оқлаган ва бу фактни тан олишга чақирган.

«Ҳеч қандай шароитда бундай мантиқ билан келиша олмаймиз. Агарда Россияни бу столга қайтадан таклиф этиш тўғрисида гап бораётган бўлса, унинг 2014 йилда чиқиб кетиши сабаблари ҳали ҳам долзарблигича турибди», — деди Туск.

«Бугун мен суҳбатдошларимни келгуси G7 саммитига Украинани таклиф этиш яхшироқ эканлигига ишонтиришга уринмоқдаман», — деди Европа кенгаши раиси.

G7 саммитлари 1973 йилдан буён ўтказилади. 1997 йилда Россия президенти Борис Ельциннинг иштироки билан саммит G8 шаклига ўзгарган. 2014 йилдан бери Россия ушбу саммитга таклиф этилмаяпти.  

CNN телекомпаниясининг хабарига кўра, Россияни G7 саммитига қайтариш таклифини Франция президенти Эмманюэль Макрон Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатида илгари сурган. АҚШ президенти унинг фикрига қўшилган ва кейинроқ бу ҳақда оммага эълон қилган.

Мавзуга оид