Термизда илк бор халқаро археологик форум ўтказилмоқда
Термиз шаҳрида «Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» мерос ҳафталиги доирасида «Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси» номли халқаро археологик форум бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли форумда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва 80дан ортиқ давлатдан дунё илм-фани вакиллари – таниқли археолог олимлар, музейлар ва илмий институтлар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Муҳташам Санъат саройида ўтказилаётган форумнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Француз миллий илмий тадқиқотлар марказининг тадқиқотлар бўйича фахрий директори, профессор П.Лериш, АҚШнинг Хофстра университети Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича дастури директори, профессор А.Наймарк ва бошқалар Сурхон воҳасининг миллий ва дунё давлатчилиги тарихида тутган ўрни, илм-фан, санъат ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, бу ерда илк бор ўтказилаётган археологик конференциянинг аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
Халқаро археологик форумнинг энг муҳим воқеаси – академик Эдвард Ртвеладзе раҳбарлигида Кампиртепада олиб борилган тадқиқотлар меваси – Окс Искандарияси билан танишув бўлади.
Тадбир давомида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши раиси, академик Э.Ртвеладзенинг видео табриги, шунингдек, «Окс Искандарияси – Кампиртепа: Окс бўйидаги шаҳар-қалъа» ҳамда «Кушон мероси» номли видеороликлар намойиш этилди.
Шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этган конференция ишида таниқли шарқшунос олимларнинг Ўзбекистон, Марказий Осиё ва дунё тарихининг сўнгги оламшумул кашфиётлари ҳақидаги шов-шувли маърузалари тингланди.
Конференция иш якунлангач меҳмонларни Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қадимги шаҳарчалар, қазишма ҳудудлари ва тарихий ёдгорликларга саёҳат кутмоқда.
25 август куни, форумнинг иккинчи куни улар қадимий юнон тарихчиси ва географи Птолемей асарларида ёдга олинган ва эллинизмнинг Марказий Осиёдаги ғаройиб ёдгорлиги саналган афсонавий Окс Искандарияси - Музработ туманидаги Кампиртепа шаҳар-қалъаси билан яқиндан танишадилар.
Шундан сўнг форум қатнашчилари махсус рейс билан Самарқандга учишади ва Маданий мерос ҳафталигининг кейинги тадбирларида қатнашадилар.
Мавзуга оид
19:30 / 14.10.2024
«Толибон» Ўзбекистондан «Термиз» чегара бозорида мусиқа қўймасликни сўради – ОАВ
15:04 / 29.08.2024
Термизда Афғонистон билан савдо ва логистика тартибини соддалаштириш мақсадида халқаро савдо маркази очилди
15:12 / 27.08.2024
Термизда илк бор Ўзбекистон ва Афғонистон клублари халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушишди
18:27 / 19.08.2024