Спорт | 07:39 / 27.08.2019
17107
5 дақиқада ўқилади

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси тугатилди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгилаб қўйилишича:

тугатилаётган Жамғарманинг жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича молиялаштириш функцияси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юклатилади;

жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича лойиҳалар ҳамда уларнинг манзилли рўйхатлари ҳар йили Вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда келишилган ҳолда шакллантирилади ҳамда навбатдаги йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурига киритилади;

тугатилаётган Жамғарманинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб келинган жисмоний тарбия ва спорт объектларига спорт жиҳозлари, ускуналари ва инвентарларини марказлашган тартибда харид қилиш ҳамда етказиб бериш, республика спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказиш харажатлари ҳар йили спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасида назарда тутилади ва Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасини шакллантириш ва молиялаштириш учун ҳар йили белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, шунингдек, туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари назарда тутилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Вазирлик билан биргаликда ишлаб чиқилган 2019 йилга мўлжалланган жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилади;

туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимларини, улардаги бош бухгалтер лавозимларини қисқартирган ҳолда, сақлаш билан боғлиқ харажатлар туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат марказлашган бухгалтерия хизмати ташкил этилади ва уларга марказлаштирилган тартибда туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимларининг молия-бухгалтерия фаолиятини юритиш вазифаси юклатилади.

Вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда Жамғарма ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳисобрақамидаги қолдиқ маблағларни қонун ҳужжатларида белгиланган тўловлар амалга оширилгандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига қайтарилишини таъминлайди.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, соҳани бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш, уларнинг касбий даражасини ошириш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирликнинг бюджетдан ташқари “Спорт” махсус ҳисоб рақами очилади.

Қуйидагилар Махсус ҳисоб рақам маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари томонидан ташкил этилган қайта тайёрлаш курсларида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи;

Вазирлик тизимидаги юридик шахс мақомига эга бўлган идоравий мансуб ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;

тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттестациядан ўтказиш ва рухсатномалар бериш, шунингдек, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини паспортлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағларнинг 15 фоизи;

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида ўқитишнинг тўлов-контракт суммалари ҳисобидан тушадиган маблағларнинг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Махсус ҳисоб рақамдаги вақтинча бўш маблағларни жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Мавзуга оид