Жаҳон | 08:03 / 28.08.2019
60944
2 дақиқада ўқилади

Сурия, Ироқ ва Афғонистонда ИШИДнинг қанча жангариси борлиги маълум қилинди  

Фото: EPA-EFE/STR

Сурияда айни вақтда ИШИД жангарилари ва уларнинг тарафдорлари сони 3 мингга яқинни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгашида Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Геннадий Кузьмин маълум қилди.   

Шунингдек, Кузьмин Ироқ ва Афғонистонда ИШИДнинг қанча жангариси борлигини ҳам маълум қилган.   

“Айни вақтда ИШИДнинг Ироқдаги жанговар бўлинмалари 40 га яқин давлатдан, асосан Яқин Шарқ, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Россия ва МДҲ давлатларидан 2 мингга яқин жангарига эга”, деб таъкидлаб ўтган россиялик дипломат. 

Кузьминнинг таъкидлашича, ИШИДнинг Афғонистондаги ўзагини 4 мингга яқин жангари ташкил қилади.    

“Ишидчилар минтақанинг қолган давлатларига кириб бориш учун Афғонистонни плацдармга айлантириш учун фаол қадамлар амалга оширмоқда. Террорчилик тузилмасининг ўзагини асосан Кунар ва Нангарҳор вилоятларида мужассамлашган 4 мингдан кўпроқ жангари ташкил қилади”, деб айтган Кузьмин. 

Унинг таъкидлашича, жангарилар Афғонистоннинг шимолий ва шарқий ҳудудларида ҳаракат қиладилар. 

“Ёшларни, маҳаллий ва ҳудудий террорчилик гуруҳлари, жумладан “Толибон” ҳаракати ва “Ҳизб ут-Таҳрир”дан дала қўмондонларини ёллаш, Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар ҳудудларидан жангариларни қабул қилиш фаол олиб борилмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Россия вакили.

“Энг хавфли вазият Афғонистоннинг Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош ҳудудларида вужудга келмоқда, бу ерда ишидчилар сони 1,3 мингга яқинни ташкил қилади”, деб қўшимча қилган Кузьмин. 

Мавзуга оид