Мурожаат натижаси: Булунғурдаги хавфли кўприк янгиланди ва аҳоли учун йўлак қилинди
Kun.uz сайтида «Булунғурдаги хавфли кўприк маҳалла аҳолисини хавотирга солмоқда. Туман ҳокими муаммони бартараф этишга ваъда берди» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда Самарқанд вилояти, Булунғур туманидаги «Чорбоғ» маҳалласи орасидан ўтган «Булунғур» ариғидаги кўприкнинг аҳволи ва у аҳолига, айниқса ёш болаларга хавф туғдираётгани ёритилганди.
Аҳоли мурожаати асосида ҳолат ўрганилганда «Булунғур» ариғидаги ушбу кўприкдан ўқувчилар мактабга қатнаши, кўприк ҳақиқатан ҳам хавфли эканлиги, ота-оналар эса доим хавотирда яшаши, қолаверса, ўқувчилар ёғингарчилик кунлари ариқ ёқалаб лой йўлакдан юриши маълум бўлганди.
Ўрганишдан кейин Булунғур туман ҳокими Б.Баҳрамов ва тегишли ташкилотлар вакиллари бу маҳаллага бориб вазиятни кўрган ва мутасаддиларга кўприкни жорий йилнинг 25 август санасигача янгилаш бўйича топшириқ берган эди.
Булунғур туман ҳокимлигининг таҳририятга маълум қилишича, кўприк таъмири белгиланган муддатда якунланган ва ариқ ёқасидаги йўлак ўрнига ер майдонидан тўғри йўлак қилиб берилган.
«Булунғур тумани ҳудудидан 4та магистрал канал ўтган ва 4та хўжаликлараро канал мавжуд. Шунингдек, туман ҳудудида жойлашган эксплуатациядаги кўприклар жами 71та, шундан Ўзбекистон Республикаси автомобил йўллари давлат қўмитаси балансида 37та, Сув хўжалиги вазирлиги балансида 4та ва эгаси аниқланмаган кўприклар 30тани ташкил қилади.
Ушбу кўприкларнинг 2таси 1960 йилгача, 32таси 1960-1975 йиллар оралиғида, 27таси 1976-1990 йиллар оралиғида, 27таси 1991-2005 йиллар оралиғида, 5таси 2005 йилдан кейин бунёд этилган бўлиб, уларнинг 23таси маҳаллий аҳамиятга молик йўлларда, 32таси қишлоқ ички йўлларида жойлашган.
Жорий йилда баҳор фасли серёғин келиши ва ёз ойида ҳаво ҳарорати одатдагидан сезиларли даражада баланд бўлгани натижасида тумандаги айрим кўприкларга зарар етди. Ҳозирги кунда уларни босқичма-босқич таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада келтирилган «Чорбоғ» маҳалласи ҳудудида жойлашган кўприкнинг ҳолатидан туман ҳокимлиги ва тумандаги бошқа мутасадди ташкилотлар ҳам хабардор ҳамда ўз навбати билан таъмирланиши кўзда тутилган эди.
Маҳалла аҳлининг мурожаатидан кейин туман ҳокими томонидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди ва янги ўқув йили бошланишидан олдин фойдаланиш учун хавфсиз ҳолатга келтирилиши тўғрисида кўрсатма берилди.
Бугунги кунда кўприкни таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди. Шунингдек, мақолада эслатиб ўтилган кўприк атрофидаги йўллар масаласи ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Кўприкдан ўтилгач, каттаю-кичик энди канал ёқалаб, лой йўлдан юришмайди. Асосий йўлга олиб чиқилувчи 250 метр узунликдаги ер майдонидан йўл учун ер ажратилди ҳамда тош тўкилиб, текислаб берилди», – дейилади Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотномада.
Бардошбек САМАД ўғли.
Мавзуга оид
12:18 / 08.12.2024
Самарқандда қаровсиз қолган 14 ёшли қиз вақтинча қариндошлари қаровига топширилди
14:26 / 28.11.2024
Самарқанд вилоятига янги раҳбар тайинланди
14:19 / 28.11.2024
Эркинжон Турдимов ишдан кетди
09:18 / 17.11.2024