Ўзбекистон | 20:50 / 29.08.2019
29844
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тарихида илк марта вазирликка номзод депутатлар муҳокамасидан ўтди. Депутатлар номзодни қайтариши ҳам мумкин

Май ойидан буён вакант бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги учун янги раҳбар номзоди депутатлар томонидан маъқулланди. 

Янги вазир янгича тайинланмоқда 
Бугун, 29 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар таркиб топган янги амалиётга мувофиқ, Ҳукумат аъзолигига тайинланаётган номзодни кўриб чиқишди. Бу гал қуйи палатада Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири лавозимига номзод муҳокамаси ўтказилди.

Муҳокамалар чоғида депутатлар айни пайтда мамлакатда қурилиш, бунёдкорлик соҳасида қилинаётган ишларга батафсил тўхталиб, кескин суръатларда кечаётган бунёдкорлик ишларини эътироф этиш баробарида бу борада учраётган муаммолар, ечилиши лозим бўлган масалаларга ҳам эътибор қаратишди. Бош вазир томонидан ушбу лавозимга номзоди кўрсатилган Ботир Зокировга қурилишлар сифати, уй-жойлар нархи, давлат раҳбари томонидан қайд этилган соҳада коррупция ҳолатларига чек қўйиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилинди.

Ўз навбатида, номзод ҳам депутатлар томондан кўтарилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди ҳамда улар эътиборига мазкур лавозимга киришганидан сўнг қурилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича ўз Ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берди.

Муҳокамалар якунига кўра, Ботир Зокиров номзоди Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири лавозимига маъқулланди. 

Янги амалиёт таклифи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Парламентга Мурожаатномасида парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш лозимлиги ҳақида гапирганди.

«Ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ, парламент Бош вазирни тасдиқлайди. Лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётгани йўқ. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этаман.

Бўлажак вазир парламент аъзолари олдида соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилсин ва унга эришиш йўлларини асослаб берсин. Бир сўз билан айтганда, лавозимга муносиб эканини исботласин», деганди президент.

2019 йил 5 мартда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра ҳукумат аъзоларини бош вазир тақдимига кўра палатада маъқулланганидан сўнг президент томонидан лавозимга тасдиқланиши ёки лавозимдан озод қилиниши белгилаб қўйилган.

Шу ўзгартиришга асосан биринчи марта вазир лавозимига номзод депутатлар томонидан маъқулланди. Энди президент лавозимга тайинлаш тўғрисидаги қарорни имзоласа, у расман вазирга айланади.

Ботир Зокиров ким?
Ботир Зокиров - 2018 йил апрелидан буён Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари эди. У 2008 йилдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган.

Ботир Эркинович Зокиров 1963 йилнинг 28 июлида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент политехник институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) қурувчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1980 йилда Тошкент инструментал заводида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1985-1990 йилларда «Тошсантехмонтаж» трестида ишлаган. 1990 йилда эса «12-трест» қурилиш ширкатида иш бошлаб, бу ерда чилангарликдан бошқарув кенгаши раиси лавозимигача кўтарилган. 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти фармони билан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси этиб тайинланган, 2011 йил декабрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари бўлган.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 14 декабрдаги ПФ-4877-сон фармонига мувофиқ Ботир Зокиров Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланиб, бош вазир ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Янги вазирликдаги иккинчи раҳбар
Президентнинг 2018 йил 2 апрелдаги «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3646-сон қарори билан Қурилиш вазирлиги ташкил этилганди.

Янги вазирликка Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими (2005-2011) Абдуқаҳҳор Тўхтаев раҳбар этиб тайинланди, Ботир Зокиров унга биринчи ўринбосар, Козим Тўлаганов ўринбосар этиб тайинланди. Тўхтаев 2019 йилнинг майида лавозимидан озод этилиб, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ҳоким этиб тайинлангач, вазирлик раҳбарлиги лавозими бўш қолаётганди.

Депутатлар номзодни рад қилиши ҳам мумкин
Қайд этиш керакки, Ботир Зокиров депутатлар тасдиғи орқали лавозимга маъқулланган илк амалдор эмас. Ўзбекистонда бундай амалиёт илк марта Элмира Иркиновна Боситхоновани Бош вазир ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинлашда кузатилганди. Ўшанда депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида бош вазир томонидан киритилган номзодни тасдиқлашганди ва шундан кейин президент уни лавозимга тайинлаш ҳақидаги фармонга имзо чекканди.

Номзод депутатлар тасдиғидан ўтса ҳам президент томонидан лавозимга тайинланмаслиги мумкин. Шу билан бирга, депутатларнинг ўзи ҳам номзодни қайтариши мумкин, агар овоз натижасига кўра, депутатларнинг ярми рози бўлмаса, номзод президентга тасдиқлаш учун ўтказилмайди.

Бетараф депутатлар
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, у муҳокама вақтида бетарафлигини билдирган.

«Ботир Зокировни Қурилиш вазири лавозимига тасдиқлаш масаласи депутатлар томонидан маъқулланди. Мен бетараф қолдим, чунки саволларим жуда кўп қурилиш соҳасида...
Ботир Зокиров саволларимга жавобан қурилишдаги қоидаларни янгилаш ва энг асосийси жойларда намунавий уй жойлар қурилишидаги сифатсизлик, назоратсизлик ва коррупцияни йўқотиш учун астойдил ишлашга ваъда берди. Кўрамиз вақт олий ҳакам», дейди депутат. 

Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодировнинг маълум қилишича, муҳокамадан сўнг овоз бериш жараёнида уч нафар депутат бетараф қолган ва яна уч нафар депутат овоз бермаган, қарши чиққан депутатлар бўлмаган.

Мавзуга оид