Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди
2019 йилнинг 29 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатда дипломатик фаолиятини якунлаётган Эрон Ислом Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳман Оғорозий Дўрмонийни қабул қилди.
ТИВ хабарига кўра, вазир элчини қутлаб, уни Ўзбекистондаги тўрт йиллик миссияси муваффақиятли якунлаётганлиги билан табриклади ҳамда унинг фаолияти самарали бўлгани ва Ўзбекистон-Эрон муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилганини қайд этди. Савдо-иқтисодий, инвестицион алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 213,8 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 40 фоизга ошди.
Ўз навбатида, элчи Ўзбекистондаги миссиясини муваффақиятли амалга ошириш учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.