Жаҳон | 22:00 / 29.08.2019
30486
4 дақиқада ўқилади

Украина ҳукуматини 35 ёшли Алексей Гончарук бошқаради. У мамлакат тарихидаги энг ёш бош вазир

Украина президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Алексей Гончарук Олий Рада томонидан мамлакат бош вазири лавозимига тасдиқланди. Унинг номзоди 450 нафар депутатнинг 290 нафари томонидан маъқулланди.

Алексей Гончарук
Сергей Супинский / AFP / Scanpix / LETA

Айни вақтда 35 ёшда бўлган Гончарук Украина тарихидаги энг ёш бош вазир бўлди. У бу лавозимда 2016 йилдан буён ишлаб келган Владимир Гройсман ўрнини эгаллади. Гройсман ҳукумат тепасига келганида 38 ёшда эди.

Гончарукни ҳукумат раҳбарлигига тайинлашни Украина президенти Владимир Зеленский парламентга мурожаати давомида тавсия қилганди.

Депутатлар мамлакатнинг янги мудофаа вазирини ҳам сайлашди - бу лавозимни Зеленскийнинг маслаҳатчиларидан бири Андрей Загороднюк эгаллади. Украинанинг НАТО қошидаги миссиясининг собиқ раҳбари Вадим Пристайко эса Ташқи ишлар вазири бўлди.

29 август куни Олий Рада тўққизинчи чақириқнинг биринчи йиғилиши ўтказилмоқда. Бугун парламентга спикер ҳам сайланди — у «Слуга народа» партияси раҳбари Дмитрий Разумков бўлди. Бу лавозимга ундан бошқа номзод илгари сурилмаганди. 

Янги таркибдаги парламентнинг биринчи иш кунида янги тайинловлар ҳам бўлиши кутилмоқда.

Гончарук ким?

Сўнгги вақтларда Гончарук Зеленскийга деярли барча сафарларида ҳамроҳлик қилаётганди ZUMA/TASS

Алексей Гончарук - мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос. У Ходимларни бошқариш минтақавий академиясини тамомлаган. Бундан ташқари, Гончарук Украина президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академиясида таҳсил олган.

Юрист Гончарукнинг иш фаолияти Городнядаги озиқ-овқат маҳсулотлари фабрикасида бошлаган. 2007 йилда у адвокат мақомини олган ва ўзининг Constructive Lawyers юридик фирмасига асос солган, бу фирма инвестиция ва қурилиш соҳаларида хизматлар кўрсатишга ихтисослашганди.

Гончарукнинг сиёсатдаги дебюти омадсиз бўлганди: 2014 йилда у «Сила людей» партияси асосчилари қаторида бўлган ва бу партия Олий Рада учун сайловларда атиги 0,1 фоиз овоз олганди. Шундан сўнг, у бир қанча вақт давомида Порошенко ҳукуматидаги Экология ва табиий ресурслар вазири Арсений Яценюкнинг маслаҳатчиси сифатида ишлади.

2015 йилдан Гончарук Самарали тартибга солиш офиси (BRDO - Better Regulation Delivery Office) - экспертлик марказини бошқара бошлаган, бу марказ собиқ иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Айварас Абромавичюс томонидан Евроиттифоқ кўмагида очилганди. BRDO ўз миссияси сифатида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган самарали бошқарув воситаларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни белгилаганди.

Июль ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида  Зеленскийнинг «Слуга народа» партияси рўйхати бўйича BRDO марказининг бир неча ходими Олий Радага ўтди.

2019 йилги президентлик сайловлари арафасида Гончарук Украинадаги машҳур сиёсатчилар билан биргаликда «Люди важны» номли сиёсий ҳаракати тузилишида иштирок этганди. 2019 йилда бу ҳаракат партияга айланиши ва кейинроқ парламент сайловларида иштирок этиши кўзда тутилганди. Аммо бу режалар амалга оширилмади, ҳаракат ташаббускорларининг аксар қисми эса, жумладан Гончарук ҳам Зеленский жамоасига ўтишди.

Украин нашрлари маълумотига кўра, президент жамоасига Гончарукни олигарх Игорь Коломойскийнинг собиқ адвокати, Зеленский администрацияси бошлиғи Андрей Богдан олиб келган.

Президент офисида ишлаб улгурган Гончарук ипотека фоизларини камайтириш, ер бозорини очиш ва Украинада қимор бизнесини қонунийлаштириш ниятини билдирган. Бундан ташқари, у ўз ислоҳотларида давлат банкларини, темир йўл ва Украина почтасини хусусийлаштиришни устувор вазифалар сифатида белгилаб олган.

Гончарук Украинани World Bank Doing Business рейтинги ўнлигида кўриш орзуси ҳақида гапириб келади. «Мен бу рўй бериши учун ўзимга боғлиқ барча ишни қиламан», - дея ёзган у «Фейсбук»даги саҳифасида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид